Мутахассислар пандемиянинг янги тўлқини бошланишидан хавотирда

Улашиш:

Шу кунларда дунё бўйлаб коронавируснинг энг юқумли деб ҳисобланаётган янги — “ХЕ” мутацияси тарқала бошлагани ва у ҳозиргача Буюк Британия, Ҳиндистон, Таиланд ва Янги Зеландияда қайд этилгани ҳақида хабар бергандик. 

Бугун ушбу давлатлар сафига Чехия Республикаси ҳам қўшилди. Мамлакатда “омикрон”нинг BА.1 ҳамда BА.2 версиялари белгиларини ўзида мужассам этган "ХЕ" субварианти аниқланди. 

Қолаверса, баъзи ҳудудларда ВА.2 мутациясининг доминантга айланиши ҳам кузатилмоқда. 
Хусусан, Япония пойтахти Токио шаҳрида рўйхатга олинаётган коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 70 фоизгача қисмини мазкур “яширин штамм” ташкил этяпти. 

Маълумки, ҳозир “кунчиқар юрт”да кунига ўртача 50 мингга яқин киши COVID-19 билан касалланмоқда. Аслида бу февраль ойига қиёслаганда қарийб икки баробар кам кўрсаткич. 

Аммо мутахассислар Японияда пандемиянинг еттинчи тўлқини бошланишидан жиддий ташвишда. Чунки Токиода ВА.2 субварианти билан хасталанган беморлар сони бир ҳафта ичида 52 фоиздан қарийб 68 фоизгача ошган.

Шундан келиб чиқиб, маҳаллий ҳукумат коронавирусга қарши эмланган қатламни рағбатлантиришга доир саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш ниятида. 

Шунингдек, кейинги кунларда Хитойда касалланишлар сони рекорд даражага чиққан. Жумладан, 6 апрелда мамлакатда 25 мингдан зиёд кишига СOVID-19 ташхиси қўйилган бўлса, сўнгги сутка давомида ҳам худди шундай кўрсаткич қайд этилди. 

Мутахассислар хулосасига кўра, бу ерда аниқланаётган янги касалланиш ҳолатларининг катта қисми “омикрон”нинг ВА.2 мутацияси ҳиссасига тўғри келмоқда. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.