Мана бир неча кундирки Ўзбекистон шакар махсулотига бўлган эҳтиёж бир қадар ошган. Ёз мавсуми кириб келиши билан аҳоли хонадонларида қишки мавсум учун турли хил мевалардан компот ва мураббо тайёрлаш учун шакар кўп миқдорда харид қилинади. Айни пайтда ушбу махсулот нархи ошиб кетганлигини инобатга олиб, Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси ва туман (шаҳар) солиқ инспекциялари томонидан маҳаллаларда арзон нархларда шакар ярмаркаси ташкил этилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан кўплаб хабарлар тарқалди. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берган эди.
Билдирилишича, жорий йил мамлакатда шакар ишлаб чиқариш ҳажми январь-май ойларида ўтган йил шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоизга кўпроқни (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ҳажми ошганлигига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган) шакар нархи, асосан, ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилган.
Шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёнилғи ресурслари нархлари ўсиши таъсир кўрсатмоқда.
Мисол учун, бугунги кунда Лондон биржасида шаклланган шакарнинг нархи (500 доллардан 575 долларгача) 15 фоизга ошган бўлса, унинг Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари 1 тоннаси учун 173 доллардан 271 долларгача ёки 57 фоизга ошган.
Россия ҳукуматининг 2022 йил 14 мартдаги тегишли қарорига асосан 2022 йил 31 августгача, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2022 йил 4 майдаги буйруғига асосан 6 ой муддатга шунингдек, Ҳиндистонда 2022 йил 25 майдан шакар экспортига чеклов ўрнатилган.
Вазирлик изоҳида айтилишича, республикада эса шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган.
Жумладан, шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни консервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми жорий йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2 000 тоннадан 3 000 тоннагача оширилади.
Жиззах вилоят ДСБ Ахборот хизмати