Ҳиндистонда қудуққа тушиб кетган болани 3 кундан бери чиқаришолмаяпти

Улашиш:

Ҳиндистонда 11 ёшли бола 24 метрли эски қудуққа тушиб кетган ва 3 кундан бери уни қутқариш ишлари олиб бориляпти, деб ёзган Hindustan Times нашри.

Воқеа Чхаттисгарх штати Жангир Чампа туманида рўй берган. Болакай уйи орқасидаги эски қудуққа тушиб кетган. Қутқарувчилар 50 соатдан бери уни олиб чиқишга ҳаракат қилишмоқда.

Қутқарув ишларига 500 дан ортиқ ходим бириктирилган, транспорт воситалари болани хавфсиз чиқариш учун туну кун ишлаётгани ёзилган. Қутқарувнинг бунчалик узоқ давом этишига боланинг эшитиш ва гапириш қобилияти пастлиги сабаб бўлган. Шунинг учун у қутқарувчилар йўриқномасига амал қилолмаётгани айтилган.

Болага ҳар куни егулик ва ичкилик етказиб туришибди, ўз ҳушида ва тириклигини текшириш учун видеокамера ўрнатилган. Айни пайтда қудуққа ёндош ҳудудлардан бошқа қудуқлар қазилмоқда.

Дунё ҳамжамиятида бундай кўргиликлар кўп учрайди. Энг шов-шувлиси бу йил февраль ойида Марокашда кузатилган. 5 ёшли Райан 32 метрли қудуққа тушиб, қарийб бир ҳафта қолиб кетган.

Шунингдек, бундай ҳодисалар ўзимизда ҳам учраб туради. Масалан, кеча Чироқчи туманида 6 ёшли бола 25 метрли қудуққа тушиб кетган ва қарийб бир сутка ўша ерда қолган. Қутқарув ишларига 8-синф ўқувчиси ва қудуқдаги боланинг ўзи ҳам катта ёрдам берган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.