Бухорода сохта пул билан боғлиқ янги фирибгарлик схемаси фош этилди

Улашиш:

Бухоро вилоятида 21 ва 23 ёшли икки йигит – Р.И. ва Ч.Ж. сохта пул сотиш баҳонасида фуқароларни алдаш орқали даромад олишга уринган.

Тергов маълумотларига кўра, улар Telegram ижтимоий тармоғида “Сохта пул” номли гуруҳ очиб, фойдаланувчиларга 600 минг сўм маблағ эвазига юзлаб миллион сўмлик сохта пул “етказиб бериш”ни таклиф қилишган. Мижозлардан бири – 17 ёшли Ф.А. шу тарзда кўрсатилган пластик картага пул ўтказган, аммо ваъда қилинган пулни олмаган.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида ушбу “пул сотувчилари” қўлга олинди. Тергов жараёнида уларда ҳеч қандай сохта пул йўқлиги, бу схема фақат фирибгарлик орқали даромад олиш мақсадида тузилгани маълум бўлди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми (фирибгарлик) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Шунингдек, уларнинг бошқа шунга ўхшаш ҳолатларга алоқадорлиги юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда.

Тегишли идоралар фуқароларни ҳушёр бўлишга ва текширилмаган манбаларга ишонмасликка чақирмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.