Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳрида ёшлардан иборат фирибгарлик гуруҳи фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келгани аниқланди. Улар Telegram'да «Алишер Усмонов акцияси» деб номланган 200 дан ортиқ сохта гуруҳ очиб, ўз схемаcи орқали юзлаб одамларни алдаган!
Қандай ишлаган схема?
Оҳангарон шаҳрида яшовчи 25 ёшли Ш.Б. ўз уйида Фарғона вилоятидан келган 18–25 ёшдаги 6 нафар ҳамтовоқини йиғиб, замонавий фирибгарлик фабрикасига асос солган. Уларнинг «стратегияси» аниқ ва ёмон ниятга йўғрилган эди:
Ёлғон мукофот ва ваъда:
Фуқаролар Telegram гуруҳларида «Алишер Усмонов акциясида 20 миллион сўм ютуққа эга бўлдингиз!» деган хабар олишган.
«Ютуқни олиш учун бадал» тўлови:
Ютуқни олиш учун, гўёки, бироз «ташкилий тўлов» қилиш кераклигини айтиб, фуқаролардан пул талаб қилинган.
Қурбонларнинг пуллари қаёққа кетган?
Тўловлар бошқа шахслар номига очилган банк карталарига ўтказилган. Фирибгарлик гуруҳи аъзолари эса бу пулларни банкомат орқали нақдлаштириб, ўзаро бўлиб олган.
Ҳар кимнинг ўз вазифаси бўлган!
Ушбу схема юксак «тажрибали» йўл билан ташкил этилган:
Бири — сохта чек ва хабарлар тайёрлаб, Telegram гуруҳларни назорат қилган;
Иккинчиси — реклама тарқатиш ва янги аъзоларни жалб қилиш билан шуғулланган;
Учинчи шахс — мижозлар билан мулоқотда бўлган;
Тўртинчиси — кунлик пул тушумларини банкомат орқали нақдлаштирган.
Тезкор тадбир ва далиллар!
Тошкент вилояти ИИББ Киберхавфсизлик бўлими ва Оҳангарон шаҳар Ички ишлар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида гуруҳ фош этилди.
Хонадондан:
• 4 дона компьютер,
• 11 дона телефон,
• Wi-Fi қурилмалари,
• Турли банк карталари далилий ашё сифатида олинди.
Қонун олдида жавобгарлик
Айбланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «г» банди — «Ахборот тизимидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик» бўйича жиноят иши қўзғатилди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фирибгарлик орқали ўзгалар меҳнатини ўзлаштиришга уринаётганлар қонун олдида жавоб беради!
Ишончли манбалардан ахборот олинг, фирибгарларга алданманг!