Қорақалпоғистон воқеалари бўйича янги ишда 39 нафар судланувчи нималарда айбланмоқда?

Қорақалпоғистон воқеалари бўйича янги ишда 39 нафар судланувчи нималарда айбланмоқда?

Нукус воқеалари бўйича янги иш бўйича суд жараёнида прокуратура 39 нафар айбланувчига оммавий тартибсизликлар уюштириш, сепаратистик ғояларни тарқатиш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳужум қилиш, автомашиналарга ўт қўйиш ва йўлларни тўсиб қўйиш каби айбловларни ўқиб эшиттирди.

1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар бўйича янги жиноят иши бўйича Бухоро вилоят судида бўлиб ўтаётган суд жараёнининг биринчи кунида прокуратура 39 нафар судланувчига нисбатан айблов хулосасини ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Олий суди ўқиб эшиттирилган айбловларни қисқача келтириб ўтди. Уларни қуйида келтириб ўтамиз.

Алымбай Мырзамбетов (1979 йилда туғилган, ишсиз) — 2022 йил 2 июль куни Чимбой туманида тўпланган одамларга овоз кучайтириш мосламалари орқали Даулетмурат Тажимуратов лидер эканлиги, уни озод қилиш ва Қорақалпоғистонга бош этиш лозимлигини маълум қилиб, оммавий тартибсизликларга даъват қилган;

Даулеткелди Надирбаев (1988, Халқ банки Тахтакўпир филиали юристи) — 2022 йил 2 июль куни Тахтакўпир туманида одамларни тўплаб, оммавий тартибсизликда иштирок этиш учун Нукус шаҳрига келишларига етакчилик қилган;

Полат Есенгелдиев (1989, «Ўзбекистон темир йўллари» поезди вагон кондуктори) — 2022 йил 2 июль куни Қўнғирот туманида одамларни тўплаб, оммавий тартибсизликда иштирок этиш учун Нукус шаҳрига келишларига етакчилик қилган;

Камал Ешжанов (1999, ишсиз) ва Муратбай Пирлепесов (1978, якка тартибдаги тадбиркор) — 2022 йил 2 июль куни Қонликўл туманида «Кантекс» корхонаси фаолиятини тўхтатиб, ишчиларни оммавий тартибсизликда иштирок этишга мажбур қилган;

Адилбек Сариев (1985, ёлланма ишчи) — 2022 йил 2 июль куни Нукус туманида одамларни тўплаб, оммавий тартибсизликка жалб қилиб, уларга етакчилик қилган;

Нусрет Бауетдинов (1970, ишсиз) — 2022 йил 2 июль куни Қонликўл туманида одамларни тўплаб, оммавий тартибсизликда етакчилик қилган;

Алйшер Шарапов (1989, ёлланма ишчи) — 2022 йил 1−2 июль кунлари Қораўзак туманидан одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиб, уларда фаол иштирок этган;

Онгарбай Мамутов (1966, 2-гурун ногирони) — 2022 йил 2 июль куни Шуманай туманида оммавий тартибсизликларда етакчилик қилган;

нукус воқеалари, суд

Рустам Досымбетов (1985 йил, ишсиз), Конгратбай Бекполатов (1985 йил, «Берди-Транс» компанияси ҳайдовчиси), Руслан Баимбетов (1988 йил, «Давлет Транс» ҳайдовчиси), Куанышбай Бахиев (1988 йил, якка тартибдаги тадбиркор), Ислом Сапаров (1989 йил, якка тартибдаги тадбиркор) , Нуратдийин Хабипов (1992, Миллий гвардия Нукус шаҳар бошқармаси аскари) ва Заирбек Пиржанов (1986, президент мактаби ҳайдовчиси) — 2022 йил 2 июль куни Нукус шаҳридаги «Наупир» маҳалласида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун жалб қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан жароҳатлари етказган;

Азамат Алланазаров (1997, такси ҳайдовчиси), Нурсултан Дуйсенбаев (1998, мавсумий ишчи), Нурсултан Байлепесов (1993, ҳайдовчи) ва Алпамыс Жумабеков (1994, мавсумий ишчи) — 2022 йил 2 июль куни Нукус шаҳридаги «Ақжағис» МФЙ ҳудудида оммавий тартибсизликни бартараф этиш учун жалб қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига ҳужум қилиб, уларга тан жароҳатлари етказиб, улардан «ПМ» русумли пистолетини тортиб олган;

Асылбек Омирзаков (1991, якка тартибдаги тадбиркор) — Нукус шаҳрининг 21-кичик тумани Беруний кўчасида жамоат тартибини сақлаётган ички ишлар органи ходимларига тан-жароҳати етказиб, бирининг чўнтагида бўлган «SAMSUNG GALAXY A1» русумли мобил телефон аппаратини тортиб олган;

Замирбек Таджимуратов (1988, ишсиз) — 2022 йил 1 июль куни оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этиб, Даулетмурат Тажимуратовни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан ҳимоя қилиб, уларга тан жароҳатлари етказган;

Оралбай Досназаров (1977, «Нызам устинлиги» адвокатлик бюроси адвокати) — 2022 йил 27 июнь куни Нукус шаҳридаги «Тошкент» меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиришларни бўйича эътирозлари юзасидан адвокатлар йиғилишини ўтказган ҳамда Даулетмурат Тажимуратов 2022 йил 1 июль куни ушланган вақтида оммавий тартибсизлик иштирокчиларини 2-сонли тергов ҳибсхонасига тўплаб, Даулетмурат Тажимуратовни қўйиб юборилишини талаб қилишга етакчилик қилган;

Тимурбек Исмаилов (1997, 12-мактаб ўқитувчиси) — 2022 йил 2 июль куни оммавий тартибсизликларда одамларни Жўқорғи Кенгес ва Нукус халқаро аэропортини босиб олишга даъват қилиб, тартибсизликларда фаол иштирок этган;

Ислам Полатов (1999, ишсиз) — унинг ёрдамчиси сифатида фаолият кўрсатиб келиб, 2022 йил 1−2 июль кунлари оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этиб, сепаратизм ғоялари билан йўғрилган видеоматериалларни жойлаштириб келган;

Шарапат Аширбеков (1979, ишсиз) — «Тажимуратов Даулетмурат» YouTube-каналига маъмурлик қилиб, сепаратизм ғоялари билан йўғрилган видеоматериалларни жойлаштириб келган ҳамда оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этган;

Дауранбек Раманов (1996, ишсиз) — Даулетмурат Тажимуратовга ёрдамчи сифатида фаолият кўрсатиб келиб, оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда фаол ёрдам берган ва сепаратизм ғоялари билан йўғрилган видеоматериалларни тарқатган;

Расул Султаниязов (1990, Trans Less компанияси ишчиси) — 2022 йил 1−2 июль кунлари одамларни оммавий тартибсизликларга жалб қилиб, фаол иштирок этган;

нукус воқеалари, суд

Абдималик Хожаназаров (1974) «Ел хызметинде» газетаси бош муҳаррири бўлиб, сепаратизм ғоялари билан йўғрилган мақолалар чоп этган ҳамда Д. Тажимуратовнинг топшириғига асосан фуқаролардан конституцияга киритилиши кўзда тутилаётган ўзгартиришлар бўйича таклифларни йиғиб, ахборот бериб борган ҳамда оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этган;

Есимкан Қанаатов (1981, «Ишонч» газетаси мухбири, ЎзА собиқ мухбири) — сепаратизм ғоялари билан йўғрилган мақолаларни тайёрлаб, уларни чоп этган, шунингдек, оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этган;

Омирбек Курбанов (1986, якка тартибдаги тадбиркор) — оммавий тартибсизликларга даъват қилувчи видеоматериалларни жойлаштириб, 2022 йил 1−2 июль кунлари оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этган;

Рахимжан Жумабаев (1992, таксм ҳайдовчиси) — 2022 йил 2 июль куни Нукус шаҳрида оммавий тартибсизликларни бартараф этиш учун сафарбар қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари автомашиналарини ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш мақсадида автошина ёқиб, йўлларни тўсган;

Абзал Наурызбаев (1996, Қорақалпоғистон давлат университети талабаси) — 2022 йил 2 июль куни Нукус шаҳридаги Беруний ва А. Досназаров кўчалари чорраҳасида оммавий тартибсизликларни бартараф этиш учун сафарбар қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари автомашиналарини ҳаракатланишига тўсқинлик қилиш мақсадида автошина ёқиб, йўлларни тўсган;

Нурмухаммед Генжебаев (2004, ишсиз) — 2022 йил 2 июль куни Қонликўл туманида оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этиб, автошина ёқиб, туман ҳокимлиги биносига улоқтирган;

Исламбек Аитмуратов (1993, Қўнғирот вагон депоси назоратчиси) — 2022 йил 2 июль куни оммавий тартибсизликларда Тўрткўл гузари кўпригида «молотов коктейли»дан фойдаланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари фаолиятига қаршилик қилган;

Айдос Есемуратов (1993, ишсиз) — 2022 йил 2 июль куни оммавий тартибсизликлар пайтида Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармасига тегишли сув ташиш техникасини ўзбошимчалик билан у ердаги Миллий гвардия ходимлари томонга бошқариб, постни бузиб ўтишга ҳаракат қилган;

Куанышбай Бегалиев (1989, «Транс йўл курилиш» компанияси ҳайдовчиси) — 2022 йил 2 июль куни оммавий тартибсизликлар пайтида Нукус шаҳар ободонлаштириш бошқармасига тегишли сув ташиш техникасини ўзбошимчалик билан у ердаги Миллий гвардия ходимлари томонга бошқариб, постни бузиб ўтишга ҳаракат қилган;

Манас Рахманов (1993, «Зарқанд» қандолатчилик корхонаси савдо агенти) — 2022 йил 1 июль куни Д. Тажимуратов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари томонидан ушланган вақтида уйига одамларни тўплаб, сектор раҳбарларидан уни қўйиб юборишларини талаб қилган ҳамда оммавий тартибсизликларни ташкиллаштиришда фаол иштирок этган;

Амантай Сейтмуратов (1976, ишсиз) — 2022 йил 1 июль куни оммавий тартибсизликларда фаол иштирок этиб, Даулетмурат Тажимуратовни қўллаб-қувватлаб, Жўқорғи Кенгес раиси автомашинаси устида агрессив ҳаракатлар содир этган.

Аввалроқ 39 нафар судланувчи қайси моддалар бўйича айбланаётгани ҳақида ёзган эдик.