Абитуриент киритган маълумотларини 20 июлгача таҳрирлаши мумкин — ДТМ

Улашиш:

АОКАда ўтказилган брифингда Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев абитуриентларнинг онлайн рўйхатдан ўтиши билан боғлиқ масалаларга изоҳ берди.

Қайд этилишича, абитуриент my.dtm.uz ёки my.gov.uz сайтлари орқали тест синовини топширишда ўзига маъқул ҳудуд, фанлар мажмуаси ва фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлган 5 тагача таълим йўналишини танлайди. Агар абитуриентнинг имтиёзи бўлса, у имтиёзлар бўлимида автоматик равишда чиқади. Имтиёз чиқмаса, абитуриентга имтиёзни тақдим этган вазирлик ва идорага мурожаат қилиши керак.

Чет тиллари бўйича миллий ёки халқаро сертификат мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар абитуриент томонидан қўлда киритилади. Ушбу маълумотлар текширилади.

Абитуриент киритган маълумотларини 20 июлгача таҳрирлаши мумкин. Масалан, таълим йўналишини ўзгартириш, шу вақтда чет тилидан сертификат олса, уни киритиш, тест синови топшириш ҳудудини ўзгартириши мумкин.

Тест имтиҳонидан ўтиш учун тўловни амалга оширмайдиган абитуриентлар:

  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар;
  • таълим муассасаларини жорий йилда тугатган абитуриентлар.

Шунингдек, бу йилдан:

  • ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизимига киритилган шахслар ва уларнинг фарзандлари;
  • ёшлар дафтарига киритилган ёшлар ҳам тўловдан озод қилинган;
  • рақами киритилган телефонни алмаштирмаслик керак (1 та телефон 1 киши учун талаби);
  • онлайн рўйхатдан ўтувчи абитуриентлар учун ё биопаспорт ёки ID карта талаб этилади – иккаласидан биттаси;
  • агар тугатган таълим муассасаси номи чиқмаса, дастурдан «Бошқа ўқув юрти» танланиб, у ёзма киритилади.

Эслатиб ўтамиз, 20 июнь кунидан 2022/2023-ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланган. 28 июндан ДТМ сайти орқали йўналишларни танлаш имконияти очилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.