«Провокацион тўлқинлар нишонига айланиб қолмасликка чақираман» – «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси

Улашиш:

Маълумки, мамлакатимизда конституциявий ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва дастлабки лойиҳа 5 июлгача давом этадиган умумхалқ муҳокамасига қўйилган.

Бироқ, Қорақалпоғистон Республикасининг мақоми тўғрисидаги айрим ўзгартиришлар Қорақалпоғистон аҳолисининг маълум қисми ўртасида тушунмовчилик ва хавотирга сабаб бўлганининг гувоҳи бўлдик.

Бир неча кун давомида аҳолининг норози қисми ўз фикрини билдириш учун расмий воситалардан фойдаланди. Хусусан, ижтимоий тармоқларда 1341 рақамига қўнғироқ қилдилар, «Менинг Конституциям» платформасига ҳам мурожаатлар юборилди.

Воқеалар ривожини, айниқса махсус ташкил этилган телеграм мессенжерларининг ишини шахсан ўзим кузатдим ва ўргандим.

Хулоса шуки, аҳоли муҳокамаларнинг бошланишида ўз норозилигини фақат расмий каналлар орқали ифода этди ва шундай чақириқлар бўлди. Чунки конституцияга ўзгартиришлар киритиш – ҳали тўхтамаган, балки давом этаётган муҳокама жараёнидир. Яъни якуний лойиҳа ҳали шакллантирилмаган эди.

Бироқ кеча Нукус шаҳрида тўсатдан агрессия унсурлари мавжуд бўлган ноқонуний намойишлар уюштирилди. Алоҳида гуруҳлар ва провокаторлар йиғилган фуқаролар билан аралашиб, маъмурий бинолар мажмуасидаги давлат муассасаларини эгаллаб олишга уринди. Мақсад тушунарли - шу орқали Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқариш. Ишончим комилки, ҳуқуқ-тартибот идоралари бу жиноий уринишларга ҳуқуқий баҳо беради.

Мен миллий ва халқаро ҳамжамиятни геосиёсий жараёнларнинг провокацион тўлқинларидан огоҳ бўлишга, уларнинг нишонига айланиб қолмасликка чақирмоқчиман. Ўзбекистон сўнгги йилларда изчил ривожланаётган, демократик қадриятларга содиқлигини намоён этган давлат!

Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси конституцияга киритилган ўзгартиришлар юзасидан ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, буларнинг барчаси қонуний имкониятлар доирасида амалга ошиши керак.

Биз ҳуқуқий ва демократик давлат қурмоқдамиз. Барчадан биз танлаган йўлимизни ҳурмат қилишни сўрайман.

Қорақалпоқ эли ниҳоятда доно ва олижанобдир. Зиддиятли вазиятлар бўлмаслигига ишонаман.

Бобур Бекмуродов, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.