Мирзиёев ипотека беришда бюрократияни камайтиришни топширган. Бунинг учун махсус ипотека марказлари очилади

Улашиш:

Шавкат Мирзиёев қурилишни ривожлантиришга бағишланган кечаги йиғилишида ипотека кредитлари беришда бюрократияни қисқартиришни буюрган. Бунинг учун махсус ипотека марказлари очилади.

Президент сўзларига кўра, жорий йил бюджетдан тижорат банкларига 43 мингта уй-жой учун 13 триллион сўм кредит ресурслари ва 29 минг кишига 1.2 триллион сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган. Бироқ бугунги кунга келиб ушбу маблағларнинг атиги 28-30 фоизи ажратилган.

Ажратилган ресурслар ва субсидиялардан фойдаланиш даражаси Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 25 фоиздан камни ташкил этади.

Президент 1 сентябрга қадар аҳоли учун қулай жойларда ипотека марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берган. Уларда уй-жой сотиб олиш билан боғлиқ масалалар, хусусан, нархлар, кредит ва субсидиялар бериш шартлари, қурилаётган лойиҳалар ва бошқалар ҳақида батафсил маълумот берилади.

Марказларда банклар, суғурталовчилар, қурувчилар, нотариуслар ва кадастр идораларининг вакиллари бўлади, шу боис фуқаролар бу ерда осонгина ипотека кредитини расмийлаштира олишади.

Мирзиёев август ойининг ўрталарига қадар субсидиялар ажратишда бюрократияни қисқартириш, шунингдек, уй-жой қурилиши учун мўлжалланган ким ошди савдосига қўйилган ер майдонини икки баравар кўпайтиришга қаратилган ҳужжат тайёрлаш бўйича кўрсатма берган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.