Президент 2023 йилда аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид режаларни очиқлади

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда бўлиб ўтаётган 2023 йил учун ипотека дастурини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида бу борадаги чора-тадбирларни молиялаштиришга оид маълумотларни қайд этиб ўтди.

Унга кўра, ушбу мақсадларда 2023 йилда тижорат банкларига 31 минг оилага уй-жой ипотекаси учун 9 триллион сўмлик ресурс йўналтирилади ва дастлабки бадал учун ва фоизларни қоплашга 1,6 триллион сўм субсидия ажратилади.

Шунингдек, мутасаддиларга:

– ипотека кредитига ресурс бериш ва қурилиш корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун 100 миллион доллар ва 1 триллион сўм қўшимча маблағ ажратиш;

– яна 20 минг оилага банклар ҳисобидан 5,7 триллион сўм ипотека кредити ажратилишини таъминлаш;

– 10 минг аҳолига ўзининг ҳовлисини кенгайтириш ёки қўшимча қурилиш қилиш учун 1,5 триллион сўм кредит ажратиш;

– Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси орқали аҳолига 5,5 мингта хонадон сотиб олишлари учун қўшимча 1,7 триллион сўм кредит ресурслари йўналтириш топширилди.

Бундан ташқари, тижорат банклари балансида ипотекадан қайтиши керак бўлган маблағларни актив сифатида ишлатиб, ипотека облигациясини чиқариш орқали қўшимча 10 триллион сўм ресурс жалб қилиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга икки ой муддатда «Ипотека облигацияси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини киритишга кўрсатма берилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.