Андижонда шифокорни калтаклаган шахс қамоққа олинди

Улашиш:

Андижон вилояти Пахтаобод туманида беморнинг маст қариндоши «тез ёрдам» шифокорини дўппослаб, унга жиддий тан жароҳати етгазгани ҳақида kun.uz нашри хабар берганди. Ҳолат юзасидан ССВ матбуот хизмати маълумот берди.

Жорий йил 17 октябрь куни соат 00:30лар чамаси Пахтаобод тез тиббий ёрдам бўлими Маданият шохобчаси диспетчер хизматига шу туманнинг «Маърифат» маҳалласидан мурожаат келиб тушади.

Чақирув манзилига навбатчи шифокор Нодирбек Аҳмедов бошчилигидаги тез ёрдам бригадаси юборилади. Бироқ чақирув бўлган хонадон эгаси, 1991 йилда туғилган фуқаро Б.Т. шифокорларнинг етиб боришини кутмай, бемор онаси  Г.У.ни ўз шахсий автомашинасида «тез ёрдам» шохобчасига олиб боради.

Ўша куни туман тез тиббий ёрдам бўлими Маданият шохобчасида навбатчилик қилаётган бошқа бир шифокор, 1994 йилда туғилган Шоҳруҳ Зокиров бемор Г.У. нинг қон босими, юрак уришини ўлчаб, унга керакли тиббий ёрдам кўрсатади.

Ўз вақтидаги муолажалар сабабли бемор Г.У. нинг қон босими меъёрлашиб, умумий ҳолати яхшиланади. Аммо фуқаро Б.Т. онасига кўрсатилаётган тиббий ёрдамдан қониқмасдан шифокорларни ҳақорат қилади ва ўз хизмат вазифасини ўтаётган яна бир шифокор – М. Деҳқоновнинг ёқасидан олиб, уни бўға бошлайди. Шу пайт ҳамкасбини ажратиш учун борган Ш. Зокировнинг юзига мушт туширади. Б.Т. мушт зарбидан ерга йиқилган Ш. Зокировнинг юзи ва танасининг турли жойларига уриб, унга жиддий жароҳат етказади.

Шундан сўнг, олган тан жароҳатлари билан Ш. Зокиров Андижон давлат тиббиёт институти клиникасига ётқизилади.

Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси давомида Ш. Зокировга бош мия чайқалиши, бурун суягининг синиши, иккала кўз қовоқлари ва бурун соҳасидаги қонталаш ташхиси қўйилган.

Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тиббиёт ходимига тажовуз қилган  Б.Т.га нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.