Солиқ қўмитаси қайси ҳолатларда фуқаролар ўз кўчмас мулкларини сотишдан олинган даромад солиғини тўлашлари лозимлигини тушунтириб берди

Улашиш:

Давлат солиқ қўмитаси қайси ҳолатларда фуқаролар ўз кўчмас мулкларини сотишдан олинган даромад солиғини тўлашлари лозимлигини тушунтириб берган. 

Қуйидаги мулклар сотилганда жисмоний шахслардан даромад солиғи олинади:

  • нотурар жойлар;

  • 36 календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг тасарруфида бўлган турар жойлар.

Солиқ тўловчи томонидан уч йил ичида сотиладиган турар жой унга мерос,   ҳадя ёки олди-сотди шартномаси асосида ўтганлигидан қатъий назар, даромад солиғи тўланилиши шарт.

Агар жисмоний шахс уч йилдан ортиқ вақт давомида унга тегишли бўлган турар жойни сотса, унда бу даромад солиққа тортилмайди.

Уч йилдан кам муддатга эгалик қилган мол-мулкни сотишдан олинган даромад борасида солиқ тўловчи ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай доимий яшаш жойидаги солиқ органига жами йиллик даромад декларациясини тақдим этади ва ҳисобланган солиқни 1 июндан кечиктирмай тўлайди.

Даромадлар ҳақидаги декларацияни my.soliq.uz сайти орқали электрон шаклда юбориш мумкин.

Мол-мулкни сотишдан олинган даромад ушбу мол-мулкни сотиш суммасининг уни сотиб олиш қийматидан ортиқчаси сифатида аниқланади ва у ҳужжат билан тасдиқланади. Агар белгиланган нархнинг ҳужжатли далиллари бўлмаса, кўчмас мулк бўйича даромад сифатида сотиш нархи ва кадастр қиймати ўртасидаги ижобий фарқ қабул қилинади.

Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи ставкаси 12%ни ташкил этади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.