Кўз ёшланиши жиддий касалликдан даракми? Шифокор маслаҳати

Улашиш:

Баъзи инсонлар ҳеч бир сабабсиз очиқ ҳавода кўзлари ёшланишидан шикоят қилади. Қолаверса, кучли шамол, совуқ ҳаво ва ёрқин қуёш нурлари таъсирида ҳам кўпчиликда ана шундай ҳолат кузатилади.

Хўш, бу нима билан боғлиқ?

Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов ССВ матбуот хизмати билан суҳбатда бу ҳақда фикр юритди. 

— Инсон танасидаги мушаклар орасида энг фаоли кўз бўлиб, унинг диаметири 2,5 см.га яқин, оғирлиги эса ўртача 8 гр.ни ташкил этади, — дейди шифокор. — Қолаверса, кўз инсон танасидаги энг муҳим сезги аъзоларидан бири ҳисобланиб, ташқи ахборотларнинг 70 фоизи айнан у орқали қабул қилинади.

Шу боисдан кўзларнинг бирор касалликка чалиниши жиддий муаммо ва ноқулайликни келтириб чиқариши мумкин. Мисол учун, қорачиқлар ёшланишини олайлик. Афсуски, кўпчилик инсонлар ушбу ҳолатга «ўтиб кетар» қабилида унчалик ҳам эътибор қилавермайди. Оқибатда эса кўзда жиддий асоратлар келиб чиқади.

Кўз ёшланишига олиб келувчи омиллар турлича бўлгани боис, уни даволашда, албатта, окулист-шифокорга мурожаат қилиш, унинг сабабини аниқлаш ҳамда мутахассис тавсияларига риоя қилиш зарур. Ўзбошимчалик билан муолажаларни қўллаш эса кейинчалик тузатиб бўлмас муаммоларга олиб келиши мумкин.

Аслида кўз ёшланиши гиперсекретор ҳамда ретенцион турларга ажратилади. Гиперсекретор жараён кўз ёш суюқлигининг меъёрдан ортиқ ишлаб чиқарилиши бўлса, ретенцион тури кўз ёш йўллари ўтказувчанлигининг бузилиши билан характерланади.

Гиперсекретор кўз ёш ажралишини келтириб чиқарувчи омиллар бир қанча. Хусусан, аллергия, конюктивит, кўз мугуз пардасининг механик ёки кимёвий зарарланиши, инфекцион турдаги касалликлар асорати, кератит шулар жумласидан.

Бу ҳолатда муолажани бошлашдан аввал безовталикни келтириб чиқараётган касаллик аниқланиб, шундан сўнг даво чоралари биргаликда олиб борилиши мақсадга мувофиқ. Ана шундагина кутилган натижага эришилади.

Ретенцион кўриниши эса кўз ёш ажралишидаги айрим бузилишлар билан характерланади. Ушбу ҳолат кўз ёш қопчаси яллиғланиши, кўз ёш каналининг қуриб қолиши, бурун бўшлиғи касалликлари – гайморит, ринит, полиплар ва шиллиқ қават шишлари сабаб келиб чиқиши мумкин.

Бу вазиятда эса кўпинча жарроҳлик амалиёти талаб этилади. Шундай экан, агар сизни кўз ёшланиши безовта қилаётган бўлса, энг аввало, шифокор кўригига боринг ва унинг тавсиялари билангина даво муолажаларини олинг.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.