Марғилонда мактаб директорининг ўринбосари ўзини ДХХ ходими деб таништириб, ҳамкасбларидан пул талаб қилган

Улашиш:

Марғилондаги мактаб директорининг ўринбосари ўзини Давлат хавфсизлик хизмати ходими деб таништириб, жиноий иш очиш таҳдиди билан ҳамкасбларидан пул талаб қилган. 

ДХХ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида товламачилик қилган шахс қўлга олинган. Мактаблардан бирининг директор ўринбосари ўзини “ДХХ масъул ходими” деб таништирган. У туман халқ таълими бўлими мудирининг ёнига бориб,   шикоят тушганлиги баҳонасида жиноий иш очилиши билан таҳдид қилган.

Фирибгарнинг сўзларига кўра,   унда гўёки халқ таълими бўлими мудири ҳар ойда мактаб директорларидан пул талаб қилгани, яқинда юқори лавозимга тайинланган аёлдан пора олганини тасдиқловчи аудио ва видео ёзувлар мавжуд эмиш. Бу маълумотни ошкор қилмаслик ва жиноий жавобгарликдан қутқариш учун 15 миллион сўм талаб қилган.

Ушбу ҳолат бўйича фирибгарга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Ҳуқуқбузар уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосига маҳкум қилиниши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.