Зоминда ноанъанавий тўй ўтказилди

Улашиш:

Зомин туманидаги 36-умумтаълим мактаби ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси Нодирбек Йўлдошев фарзандининг мучал тўйини ноанъанавий тарзда ўтказди.  

Ноодатийлиги шундаки, тўёна сифатида фақат ва фақат китоблар қабул қилинган. Бу ҳақда Нодирбек Йўлдошев ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида шундай дейди:

“Тўйга ташриф буюрган ака-ука, опа-сингил, ҳамкасбларим, синфдошларим, дўстларим, Тошкент, Самарқанд ва Жиззахдан келган ижод аҳли, барча меҳмонлар Асадбекка китоблар совға қилишди. Ўғлимнинг шахсий кутубхонаси ўша куни 128 дона янги дурдона билан бойиди”.

Нодирбек Йўлдошев Зомин туманидаги 36-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси исфатида ёзувчи-шоир ва журналистлар иштирокида мунтазам адабий учрашувлар ташкил қилиб келади. Ўқувчиларининг истеъдодини рўёбга чиқаришга, ижодий машқларини элга танитишга интилади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ёш авлод тарбиясида бадиий мутолаанинг ўрни муҳимлигини яна бир бор қайд этиб, китобхонлик тарғиботида мана шундай усуллардан фойдаланиш ҳам самарали эканини таъкидлашган. Юртимизда маърифат тўйлар кўпайишига тилак билдирилган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.