Талабаларни Tashkent Index ҳудудидаги 10 минг ўринли бинога жойлаштириш таклиф қилинди

Улашиш:

Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Tashkent Index мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли бинони бир ҳафта муддатда хусусий шерикчилик асосида ТТЖга айлантиришга кўрсатма берди.

9 сентябрь куни пойтахт ҳокимлигида шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, сектор раҳбарлари, Олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда пойтахтдаги ОТМ ректорлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Бу хақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Сўзга чиққан ректорлар ётоқхоналарда мавжуд ўрин жой, уларда талабаларнинг жойлаштирилганлик ҳолати ҳамда яна қанча жойга эҳтиёж борлиги ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, айни пайтда Тошкентдаги олий ўқув юртларининг 92 тасида ётоқхона қуввати 35636 ўринни ташкил этмоқда. Бугунги кунда 27354 нафар талабанинг ётоқ жой бўйича эҳтиёжи қондирилган.

Бундан ташқари, 2022 йилда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари, олийгоҳ ва бюджет маблағлари ҳисоби ҳамда инвестиция дастури доирасида яна 30956 ўринли 60 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Йиғилишда вазирлик масъуллари томонидан кўрилаётган бу каби чоралар етарли эмаслиги, бошқа имкониятларни ҳам излаб топиш кераклиги таъкидланиб, қатор таклифлар ўртага ташланди.

Шундан сўнг, Ортиқхўжаев пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида бунёд этилган Tashkent Index савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини бир ҳафта муддатда давлат хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун турар жойга айлантириш таклифини берди.

Йиғилиш сўнгида олий таълим муассасалари мас]улларига зудлик билан мавжуд эҳтиёж бўйича маълумотларни шакллантириш вазифаси берилди.

Эслатиб ўтамиз, 9 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талабалар ижара субсидиясининг шартномасиз варианти устида иш олиб борилаётганини айтганди. Унга кўра, ижара субсидиясини кимларга беришни талабалар гуруҳда ўзи ҳал қилади. Илмий кенгаш тасдиқлагач, субсидия талабаларнинг пластик карталарига ўтказиб берилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.