Хитойнинг Чунцин шаҳрида офислар учун мўлжалланган Dance of Light («Ёруғлик ўйини») осмонўпар биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Dezeen.com хабар берди.
Баландлиги 180 метрли ва 39 қаватдан иборат ушбу бино шаҳарнинг Цзянбей туманида жойлашган.
Фасади бурама шаклдаги бинони Aedas меъморчилик студияси лойиҳалаштирган. Студия маълумотига кўра, бинонинг ҳар бир қавати 8,8 даражагача «буралиш бурчаги»га эга — яъни дунёдаги шу каби исталган бинога нисбатан анча кўп буралган.
Бинонинг 34 қавати офислар учун ажратилган, қолган бешта этажи конференц-заллар ва тадбирлар учун мўлжалланган. Баланд бинога туташ пастки блокда ресторан ва кафелар бор.
«Dance of Light концепцияси шимолий қутб ёғдуси табиат ҳодисаси, нур ўйинига қурилган. Бинонинг ҳар икки томонида икки қарама-қарши бурилиш уйғунлашгани сабабли унинг фасади шаҳар фонида доим ўзгариб туради», — деди Aedas бош дизайнери Кен Вай.
Бурама шаклдаги осмонўпар биноларнинг энг баланди Дубайда — Infinity Tower («Чексизлик минораси») баландлиги 306 метр, қаватлари 76 та. Бироқ унинг оғиш бурчаги 1,2 даражага тенг.
Малмё (Швеция)даги Turning Torso — дунёдаги энг биринчи спирал шаклдаги бинолардан бири. Испан меъмори Сантяго Калатрава лойиҳалаштирган 190 метрли, 54 қаватли ушбу бино 2005 йилда қуриб битказилган.