Тошкентдаги Матбуот уйи сотилмайдиган бўлди

Улашиш:

Пойтахтдаги Матбуот уйи («Газета корпуси») биноси сотувдан олинди ва у ОАВ, шу жумладан босма нашрлар ихтиёрида қолдирилиши маълум қилинди. Бино ЎзА балансига ўтказилиши мумкин. Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг сўзлари кўра, ушбу масала давлат раҳбарининг назоратида турибди.

Тошкент шаҳридаги «Газета корпуси» номи билан кўпчиликка таниш бўлган Матбуот уйининг маъмурий биноси сотилмайдиган бўлди. Бу ҳақда ЎзА директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовга таяниб маълум қилди.

Давлат раҳбарининг матбуот котиби бир қатор нашрлар бош муҳаррирлари билан учрашувда бино сотувдан олинганини айтган. Қолаверса, учрашувда босма матбуот газета ва журналлар фаолиятига оид муаммолар, янги таклифлар муҳокама қилинган.

Шерзод Асадовнинг таъкидлашича, Матбуот уйининг биноси узил-кесил сотувдан олинган. Бино келгусида ОАВ, жумладан, босма нашрлар ихтиёрида қолдирилади. Бинога Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида жойлашган Журналистлар уюшмаси кўчиб ўтиши мумкин.

Бундан ташқари, «Газета.uz» манбасининг маълумотига кўра, ЎзА балансига ўтказиш билан Матбуот уйи биносига кўчиб ўтиши варианти ҳам муҳокама қилинмоқда. Бундай ҳолатда ЎзАнинг биноси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтади. Бироқ, ҳозирча бу борада тегишли қарор қабул қилинмаган.

Шерзод Асадовнинг сўзларига кўра, ушбу масала президент назоратида, бино «замонавий талаблар асосида» қайта қурилади ҳамда ОАВ фойдаланиши учун топширилади.

Учрашувда шунингдек, ОАВлар, босма нашрлар ҳамда Журналистлар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус қарор лойиҳалари тайёрланаётгани маълум қилинган.

Август ойида Бухоро ва Нуронийлар кўчалари кесишмасида жойлашган «Газета корпуси» (18,1 минг кв.м.) Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан оммавий сотувга қўйилган 12 та давлат активлари қаторидан жой олганди.

Spot Матбуот уйи 2018 йилнинг баҳорида аукционга қўйилгани ҳақида ёзганди. Ўшанда бинонинг бошланғич нархи 18,7 млрд сўм этиб белгиланганди. Кейинроқ эса лот аукциондан чиқарилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.