Мажбурий меҳнат тақиқланган ва унга йўл қўйилмайди – Сенат фуқаролар пахта йиғим-теримига мажбурий жалб этилаётгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда пахта йиғим-терими ишларига турли соҳа ходимлари мажбурий жалб этилаётганига оид айрим хабарлар тарқалмоқда. Мазкур хабарлар юзасидан Сенат матбуот хизмати расмий муносабат билдирди.

Парламент юқори палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, мажбурий меҳнат тақиқланган ва унга йўл қўйилмайди.

Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги миллий қонунчилик билан тартибга солинган, ушбу қилмиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.


Олий Мажлис Сенати раиси бошчилигидаги Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси томонидан ҳар қандай кўринишдаги мажбурий меҳнатга жалб этиш, ишчилар учун муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларни зудлик билан ўрганилиши, бартараф этилиши ҳамда айбдор шахсларга нисбатан қонуний чора кўрилиши назоратга олинган.

Азиз юртдошлар! Агар сиз мажбурий тарзда бирор бир меҳнатга жалб этиш, муносиб меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш билан боғлиқ муаммоларга дуч келсангиз «1176» ҳамда «1092» рақамли ишонч телефонларига мурожаат қилишингизни сўраймиз.

Ҳар бир маълумот ва мурожаат белгиланган тартибда тезкорлик билан ўрганиб чиқилади ҳамда зарур чоралар кўрилади. Мурожаатчининг розилигисиз шахсига доир бирон-бир маълумот ошкор этилмаслиги кафолатланади.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда жойлашган 300 дан ортиқ корхона ва ташкилотлардан иборат Cotton Campaign коалицияси 2009 йилда ўзбек пахтасини бойкот қилиш ташаббуси билан чиққанди. Коалиция ўша вақтда Ўзбекистон ҳукумати «1 миллиондан ортиқ болалар ва катталарни, жумладан, тиббиёт ходимлари, бюджет ходимлари ва талабаларни ҳар йили терим мавсумида пахта теримига мажбурлагани»ни айтган эди.


Cotton Campaign ҳамкори бўлган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми 2021 йилда аҳоли пахта йиғим-терими даврида ҳукумат томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинмагани ҳақида эълон қилганидан сўнг, бойкот якунланди. 2022 йилнинг март ойида Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистон пахтасига эълон қилинган глобал бойкотни бекор қилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.