Эрон намойишларга сабаб бўлган Маҳса Аминининг вафоти экспертизасини эълон қилди

Улашиш:

Эрон ўлими бутун мамлакат бўйлаб репрессияга қарши оммавий норозилик тўлқинига сабаб бўлган Маҳса Аминининг вафоти сабаблари бўйича расмий тиббий хулосани эълон қилди. Эрон давлат телевидениеси бугун, 7 октябрь куни Эрон суд-тиббиёт экспертизаси ташкилотига таяниб, 22 ёшли Амини “инсульт”дан эмас, балки саккиз ёшида ўтказган мия шиши операцияси оқибатларидан вафот этганини маълум қилди. 

Хабарда айтилишича, тиббий хулоса ўлимдан кейинги экспертиза, Аминининг жасадини отопси натижалари, қизнинг ўпкаси ва миясининг компьютер томографияси асосида тузилган. Айни пайтда, Аминининг отаси қизи Эрон ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинишидан олдин унинг соғлиғи аъло даражада бўлганини айтмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.

Намойиш сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.

Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди. 

Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда. 

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.

Америка Қўшма Штатлари ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Кейинроқ Канада ҳам бир неча ўнлаб Эрон расмийлари, бизнес вакиллари, шунингдек, Эрон ахлоқ полициясига қарши санкциялар жорий этишга қарор қилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.