Электр ва газ тарифларини эркинлаштириш май ойига мўлжалланмоқда - Беҳзод Ҳамроев

Улашиш:

Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроевнинг маълум қилишича, электр энергияси ва газ нархларини эркинлаштириш жорий йилнинг май ойига мўлжалланмоқда.

Жорий йилнинг май ойидан Ўзбекистонда электр энергияси ва газ нархлари эркинлаштирилиши мумкин. Бу ҳақда Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев Gazeta.uz’га берган интервьюсида айтиб ўтган.

Либераллаштириш май ойида бошланиши мумкин. Бу инфляция прогнозига киритилган”, деган у.

Аввалроқ, Марказий банк томонидан эълон қилинган “Пул-кредит сиёсатининг 2023 йил ва 2024-2025 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари”га кўра, асосий сценарийда электр энергияси ва газ нархлари босқичма-босқич бозор нархларига яқинлаштирилиши, муқобил сценарийда эса электр энергияси ва табиий газ нархлари инфляция даражасида индексация қилиб борилиши кўзда тутилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда табиий газ ва электр энергияси тарифлари сўнгги бор 2019 йил август ойида ошганди. Ўтган йили жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳасида 2022 йилнинг 1 июлидан электр ва газ бўйича табақалаштирилган тарифларга ўтилиши кўзда тутилганди. Бироқ айрим сабабларга кўра бу қарор қабул қилинмади, ислоҳотлар эса кечиктирилди.

Энергетикага бюджетдан субсидиялар “халққа ёрдам бўлиши” учун жорий қилингани иддао қилинса-да, мутахассисларнинг фикрича, бундай тизим соҳа ривожланишига тўсиқ бўлиб қолаверади.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2022 йил якуни бўйича парламентга қилган анъанавий мурожаатномасида энергетика инқирози масаласига тўхталиб, биринчи марта тарифларни табақалаштириш ҳақида гапирганди. Яъни муайян лимитдан кўпроқ газ ва электр ишлатадиган бадавлат қатлам бозор нархида тўлаши керак, чунки бу ресурслар давлат бюджетидан ажратиладиган субсидия ҳисобига арзон сотилади. Шавкат Мирзиёев табақалаштирилган тарифларга ва умуман эркин бозорга ўтиш босқичма-босқич бўлишини таъкидлаганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.