Жиззахда автокросс: учта ғалаба ва устоздан шогирдга ўтаётган маҳорат

Хато ҳақида хабар Чоп этиш

Автокроссда фақат тезликнинг ўзи ғалаба учун етарли эмас. Ҳайдовчининг маҳорати, автомобилнинг техник ҳолати ва бутун жамоанинг тезкор ҳаракати натижага таъсир қилади. 21–22 ноябрь кунлари Жиззах шаҳридаги «Наврўзбулоқ» пойгагоҳида ўтган Ўзбекистон чемпионатида бу яна бир бор кўринди. Мезбонлар тўртта йўналишнинг учтасида ғолиб бўлиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.

Мусобақада мамлакатнинг турли ҳудудларидан келган 65 нафар автопойгачи қатнашди. Улар «А-7», «А-8», «Миллий» ва «Багги» синфларидаги автомобилларда шахсий биринчилик учун беллашди. Чемпионат Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти ташкил этилганининг 35 йиллиги муносабати билан ўтказилди.

Мубошер Жўраев - Мусобақа бош ҳаками 

Жиззахдаги трасса нега алоҳида аҳамиятга эга?

Мусобақа бош ҳаками Мубошер Жўраевнинг айтишича, республикада автокросс учун мос бундай трассалар ҳозирча кўп эмас. У Жиззах ва Самарқандда шундай майдонлар борлигини, Наманган вилояти Косонсой туманида эса яна бир трасса қурилишига тамал тоши қўйилганини таъкидлади.

Бу жиҳат Жиззахдаги мусобақанинг аҳамиятини фақат чемпионат натижалари билан чекламаслик кераклигини кўрсатади. Автоспорт билан шуғулланиш учун махсус трасса бўлиши спортчиларнинг машғулот ўтказиши ва янги иқтидорларни кашф этиш имкониятини ҳам кенгайтиради.

«Биз хурсандмизки, ёшларимиз орасидан шундай янги спортчиларни кашф қиляпмиз», — деди бош ҳакам.

Учта йўналишда мезбонлар ғолиб

Икки кунлик беллашувлар якунида Жиззах вакиллари учта синфда биринчи ўринни қўлга киритди.

«А-7» синфида Темур Аҳрорқулов барча рақибларидан ўзиб кетди. «Миллий» синфда Фурқат Аҳрорқулов ғолиб бўлди, унинг жамоадоши Самандар Ҳусанов эса иккинчи ўринни эгаллади.

«Багги» йўналишида ҳам жиззахликлар етакчилик қилди: Равшан Қобилов биринчи, Ғайрат Одилов иккинчи бўлди. Самарқандлик Мирзажон Раҳматов учинчи ўринни эгаллади.

«А-8» синфида эса тошкентлик Фозил Қобилов ғолиб чиқди.

Равшан Қобилов: моторни ўрганишдан чемпионликкача

«Багги» синфида ғолиб бўлган Равшан Қобиловнинг автоспортдаги йўли бирданига пойга трассасидан бошланмаган. У аввал автомобилнинг тузилишини, энг аввало, мотор қандай ишлашини ўрганган. Бунинг учун эса устози — автомашина устаси Бурхон Толиповнинг ёнида кўп вақт ўтказган.

«Устозим Бурхон Толиповнинг ёнида бекор юрмадим. Аввало, автомобилнинг юраги — мотор қандай ишлашини ўргандим. Унинг ички тузилишини билмай туриб, спорт машинаси билан тиллашиш осон эмас», — дейди Равшан.

Кейинчалик у устози ва унинг жамоаси билан бирга багги русумидаги автомобилларни мусобақаларга тайёрлашда қатнашган. Жамоадаги асосий ёрдамчилардан бири сифатида тўплаган тажрибаси унинг мустақил спортчи бўлиб шаклланишига замин яратган.

Равшан учун автоспорт — фақат рулда ўтириб, тезлик синаш эмас. Автомобилни мусобақага тайёрлашнинг ўзи ҳам вақт, техникавий билим ва маблағ талаб қилади. Унинг айтишича, бу жараённинг ўзига яраша қийинчиликлари ва харажатлари бор. Аммо шунча меҳнатдан кейин ғалаба қозониш барча уринишлар бекор кетмаганини ҳис қилдиради.

Қобилов сўнгги йилларда мустақил спортчи сифатида ҳам совринли ўринлар учун курашиб келмоқда. 2025 йилда ўтказилган «Rally Muynak» мусобақасида ҳам совриндор бўлган. Наврўзбулоқдаги чемпионлик эса унинг автоспортдаги навбатдаги натижаси бўлди.

Сўнгги мусобақаларда у Жиззах автоспортида етакчилик учун курашаётган Одилов ва Аҳрорқуловлар билан ҳам рақобат қилмоқда. Бу рақобат маҳаллий автоспортда бир нечта кучли спортчи шаклланаётганини кўрсатади.

Равшаннинг фикрича, автоспортда авлодлар алмашинуви ҳам табиий жараён. Унинг айтишича, инсон ёши улғайгани сари юқори тезлик ва адреналин билан боғлиқ таваккалчиликка аввалгидек осон киришавермайди.

«Катталарнинг ўрнига энди биз келдик. Биз ҳам ўз вақти келганда ўрнимизни ёшларга бўшатамиз», — дейди у.

Ғалабадан кейинги савол

Жиззах жамоасининг умумжамоа ҳисобидаги биринчи ўрни — мусобақанинг асосий натижаси. Аммо чемпионатдаги яна бир жиҳат эътиборга лойиқ: республикада автокросс трассалари кўп эмас, айни пайтда янги майдонлар ташкил этиш ҳаракатлари ҳам бор.

Демак, бу спортнинг кейинги ривожи фақат мусобақаларни ўтказишга эмас, спортчилар мунтазам шуғулланиши, техник тайёргарлик кўриши ва ёш ҳайдовчиларнинг майдонга чиқиши учун шароит яратилишига ҳам боғлиқ.

Равшан Қобиловнинг устоз қўлида мотор тузилишини ўрганган шогирддан мустақил спортчигача бўлган йўли ҳам бунинг бир мисоли. Унинг ҳикоясида ғалабадан ташқари яна бир маъно бор: бугун трассада рақобатлашаётганлар эртага ўз тажрибасини ёшларга ўтказиши керак.

«Наврўзбулоқ»даги чемпионат Жиззахда автоспорт учун имконият борлигини кўрсатди. Энди бу имкониятдан йил давомида қанчалик фойдаланилиши ва кейинги авлод спортчилари қандай етишиб чиқиши муҳим.

Мавзу юзасидан фикр, мулоҳаза ёки қўшимча маълумотларингиз бўлса, Sangzor.uz Telegram канали орқали таҳририятга йўллашингиз мумкин.
Фикрлар (0)
Фикр билдиринг
Код тушунарсиз бўлса, янгилаш учун расм устига босинг