6 йилга “запрет”га тушган ва шахсий ҳаётини сир тутадиган Зоҳиршоҳ Жўраев 33 ёшда (фото, видео)

Улашиш:

Жўраевлар сулоласининг кенжа вакили Зоҳиршоҳ Жўраев 1 август куни 33 ёшни қаршилади. Санъаткорлар оиласида туғилган Зоҳиршоҳнинг кун келиб санъат вакили бўлиши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Аммо у ҳам осонликча танилгани ва қўшиқ шинавандаларининг меҳрини қозонгани йўқ.

“Чўпонлик қонимизда бор”

Зоҳиршоҳ Жўраев интервьюларининг бирида оилада уч қиз ва икки ўғил экани, сингиллари ҳам қўшиқ айтишга қизиқиши ҳақида айтиб ўтганди. Хўш, машҳур оиланинг фарзандлари қандай тарбияланган ва Зоҳиршоҳ Жўраев болалик дамларини қандай хотиралар билан эслайди?

Фото: Instagram / @zohirshohofficial

— Ўқиш сабаб асосий вақтимиз Тошкентда ўтарди. Эрталабки соат саккиздан то 15:00 га қадар умумтаълим мактабида ўқирдим. Ундан кейин 15:00 дан 19:00 га қадар мусиқа мактабидаги машғулотларга борардим. Уйга қайтгач, кўчага чиқиб ўйнашга ҳам ҳолим бўлмасди. Бу тартиб 9 йил давом этган. Фақатгина ёзги таътил кунлари ўйнашга, Андижонга келишга имконимиз бўларди. Шу боис болаликдаги энг ширин хотираларим Асакада ўтган. Амакиларимнинг ўғлим билан қўйларни ҳайдаб далага кетар, то кун ботгунга қадар маза қилиб ўйнардик. Катталарнинг айтишича, бобом раҳматли ўз даврининг бадавлат инсонларидан бири бўлган экан. “Қулоқ қилиш” пайтида бойлиги учун жазоланган ва қўйларини тортиб олиб, ўзини эса чўпон қилиб қўйишган экан. Амаким раҳматли ҳам “Чўпонлик қонимизда бор”, деб айтарди, — дейди хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев.


Video Player


“Икки кунга йўқолиб қолардим”

Мухлислар Зоҳиршоҳ Жўраевни оғир-босиқ, камгап хонанда сифатида танишади. Бироқ у болалигида ниҳоятда шўх ва шумтака бола бўлган экан.

Фото: Darakchi.uz

— Ҳақиқатан ҳам жуда шўх эдим. Фақатгина отамдан чўчиб турардим. Бир шумликни бошлаб қўйиб, кейин отам билиб қолмасмикан, деб юрак ҳовучлаб юрардим. Мактаб пайтида бундай ишлар бўлмасди-ку, таътил вақтида қўшни маҳаллаларга кетиб қоладиган одатим бор эди. Албатта, бу ишим отамга ёқмасди. Шу боис унинг кўзига кўринмаслик учун икки кунлаб том ёки ертўлага яшириниб олардим. Кейин онам орқали узр сўраб, доимгидек бу ишни такрорламасликка ваъда берардим, — дейди хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев.

“Шартнома пулини ишлаб тўлаганман”

Шерали Жўраев “Ўғил кўрсам, ўчоқни пулда ёқиб халққа ош тарқатаман” деган миш-мишлар тарқалганди. Хўш, у ҳақиқатан ҳам фарзандларини эркалатиб ўстирганми?

Фото: Instagram / @zohirshohofficial

— Санъатга қачондан қизиққанимни билмайман. Чунки оиламизда бу соҳага қизиқмаган инсоннинг ўзи йўқ. Оиламиздаги аёлларга қўшиқ айтишга рухсат берилмаган бўлса-да, уларнинг ҳам ширали овози бор. Глиэр номидаги мусиқа мактабида Турғун Алиматовдан танбур чалиш сирларини ўрганганман. Лицейда ўқиб юрган пайтим тўйга таклиф қилишган. Адашмасам, ўшанда бирорта муаллифлик қўшиғим йўқ эди, акамнинг қўшиғини куйлаб бергандим. Берилган пул у қадар катта бўлмаган, аммо қувониб ота-онамга олиб келганман. Бу илк даромадим эди.


Video Player


Лицейни битириб, Ўзбекистон давлат консерваториясига ҳужжат топширганман. Аммо балим етарли бўлмагани учун ўқишга киролмаганман. Кейин қўшимча квоталар ажратиладиган бўлган ва шартнома асосида ўқишга қабул қилишган. Отамга бу ҳақда айтмаганман, тўйларга чиқиб шартнома пулини тўлаганман, — дейди Зоҳиршоҳ Жўраев.


“Отамнинг олдида аскардекмиз”

Фото: Instagram / @zohirshohofficial

— Отам ҳамиша ижод ва гастрол сафарлари билан банд бўлган. Тарбиямиз ва таълим олишимизга эса онам масъул эди. Мусиқа тўгаракларига ўзи олиб борар, илк қўшиқларимизнинг тингловчиси ҳам ўзи бўларди. Оиламизда отага бўлган ҳурмат бошқача. Ҳалигача отамнинг олдида ўзимизни худди аскардек тутамиз. Улғайиб санъат йўлини танлашга қарор қилганимда ҳам отамдан маслаҳат олардим, аммо қўллаб-қувватлайдиган инсон акам бўларди. Акам студияда тепамда туриб, мен билан баравар ишларди. У отамдан кейинги иккинчи устозим десам ҳам бўлади, — дейди Зоҳиршоҳ Жўраев.

“Керакмас одамлар билан салом-алик қилгансан” 

Бу хонанда ҳам “запрет” таъмини тотиб кўрганлардан ҳисобланади. У олти йиллик тақиқнинг тўрт йилини Андижонда ўтказгани ва руҳан қийналган кунларини қуйидагича хотирлайди. 

Фото: Instagram / @zohirshohofficial

— Балки, менинг ҳам ўзимга яраша хатоларим бўлгандир. Саҳнага энди қадам қўяётган ёш қўшиқчини синдириб қўйиш осон. Айнан кимнинг кўзига ёмон кўринганимни билмадим. Қайси воқеа сабаб бундай бўлганини ҳам билмайман.
Менга “керак эмас одамлар билан салом-алик қилиб қўйгансан” шунга, дейишган. Майли деганман, хўп деганман, исён кўтариб, тўполон қиладиган одам эмасман. Буни тўғри қабул қилиб, Аллоҳнинг синови деб, Аллоҳга таваккал қилиб, ўша оғир кунлардан ўтиб олдим. Бу муддат олти йил, яъни 2011 йилдан 2017 йилгача бўлган.

Фото: Instagram / @zohirshohofficial

— Яширмайман, жуда оғир вазиятга тушганман. Ёшман, ижод қилишим, уни халққа тақдим этишим керак. Аммо қайси даврага бормай, секингина эшикни ёпиб қўйишади. Шундай вазият бўлдики, атрофимда яқинларимдан бўлак ҳеч ким қолмади. Улар эса аҳволимни кўриб янада хафа бўлишарди. Охири нима бўлса бўлар деб Андижонга амакиваччам Сардорнинг уйига кетганман. Ўзи биттагина уйи бор эди. Келинойим хижолат бўлмаслигим учун ўзи ошхонада ухларди. Хуллас, Андижондаги тўйларда юриб пишдим, “запрет”нинг тўрт йилини ўша ерда ўтказдим, — дейди хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев. 


Video Player


Шабнам Сурайё билан 15 йиллик дўстлик

Хонанда Шабнам Сурайё билан дўстлиги ва дуэт куйлаш таклифи кимдан чиққанлиги ҳақида сўзлаб берди.

— Шабнам Сурайё билан 15 йиллик дўст, қадрдонмиз. Концерт берсак, бир-биримизникига борамиз, дуэт куйлаймиз, деб ният қилгандик. Аҳмад Зоирнинг қўшиғини бирга ижро этдик ва қўшиқ Тожикистонда яхшигина машҳур бўлди. Дуэт айтиш таклифи ундан ёки мендан чиққан деёлмайман, шунчаки овқатланиб ўтирганда шунга келишганмиз холос. Унинг ижодини ҳурмат қиламан, — дейди хонанда.

Сир тутиладиган шахсий ҳаёт

Фото: Instagram / @zohirshohofficial

Хонанда шахсий ҳаётини ҳамиша оммадан сир тутади. Фақатгина унинг акаси билан божа экани — ака-ука опа-сингилларга уйлангани маълум.


Video Player



Манба: Daryo.uz
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.