Евро-2020 турнирида Дания терма жамоаси футболчиси Кристиан Эриксен майдонда ҳаёт билан видолашишига бир баҳя қолганди (юрагида муаммо пайдо бўлганди).
Ўша воқеа учун УЕФА, Европа чемпионати ташкилотчиси сифатида, Миланнинг «Интер» жамоасига 3 млн евро бадал тўлади.
Воқеа юз берган 2021 йилнинг ёзида Эриксен «Интер»га тегишли экани боис жамоа пулли бадал олишга ҳақли эди. CalcioMercato хабар беришича, пул миланликлар ҳисобига келиб тушган.
Дания – Финляндия ўйининг 43-дақиқасида Эриксен йиқилиб тушиб, клиник ўлимни бошдан ўтказганди. Соғайиб, даволанган футболчи шифохонадан юрагига ўрнатилган дефибриллятор билан чиқди, бироқ энди у «Интер»да фаолиятини давом эттира олмасди — бунақа аппаратлар билан майдонга тушиш Италияда тақиқланган.
Италиядан Англияга йўл олган даниялик аввалига «Брентфорд»да тўп сурди, ҳозир «Манчестер Юнайтед» сафида, ёздан буён 15 ўйинда майдонга тушди.