Давлат хизматчисига берилган совғами ёки пора?

Улашиш:

Коррупцияга қарши курашиш агeнтлиги дирeкторининг «Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи лойиҳаси муҳокама қўйилди.

Низомга кўра, совға таснифига давлат фуқаролик хизматчисига хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан беғараз тақдим этиладиган моддий қийматга эга бўлган моддий ашёлар, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчисига (унинг оила аъзоларига) кўрсатиладиган хизматлар киради.

Совға қиймати қанча?

Давлат фуқаролик хизматининг барча сиёсий гуруҳи, даража ва лавозимдаги давлат фуқаролик хизматчилари учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (айни вақтда 1,5 миллион сўм) бараваридан (барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда) кўп бўлмаган миқдорда.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича маҳкаманинг захира жамғармаси ҳисобидан кетаётган делегация ёки алоҳида шахслар бундан мустаснодир.

Давлат фуқаролик хизматчиларига тақдим этилган совға меҳмон (мезбон) томоннинг рамзлари ёки логотипи туширилган эсдалик совғалар қиймати учун миқдор белгиланмайди. Бундай совғалар баҳоланмайди, ходим ўз хоҳишига кўра тасарруф этади.

Манфаатлар тўқнашуви

Совғани қабул қилиш ёки тақдим этиш натижасида бирор бир тарафнинг шахсий манфаатдорлигини, шунингдек манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига олиб келмаслиги лозим. Хусусан, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятида холис қарор қабул қилишига таъсир кўрсатадиган мажбуриятни юзага келтирмаслиги шарт.

Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан тақдим этиладиган совға унинг шахсий ҳисобидан амалга оширилмаслиги. Совға бериш табрик нутқи билан бирга бўлиши, унда совға беришга сабаб бўлган воқеа (ҳодиса) ўзининг аниқ ифодасини топган, шунингдек дипломатик протокол талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Таъқиқланди!

Давлат фуқаролик хизматчисига нақд ёки нақдсиз пул, қимматли қоғозлар, крипто валюта, барча турдаги ўқотар ва совуқ қуроллар, ўқ-дорилар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, кучли таъсир этувчи препаратлар, порнографик ва диний экстремистик хусусиятга эга бўлган нашр ҳамда материалларни совға сифатида қабул қилиш ёки тақдим этиш тақиқланади.

Давлатга ўтади

Хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан халқаро делегация раҳбарига тақдим этилган совға қийматидан қатъи назар давлат органи тасарруфига ўтказилади.

Бунда тақдим этилган совғалар баҳоланмайди ва давлат фуқаролик хизматчиси тасарруфига ўтказилмайди.

Қимматбаҳо бўлсачи?

Давлат фуқаролик хизматчиси хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан унга тақдим этилган совға тўғрисида уч иш куни ичида давлат органининг коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмасига (кейинги ўринларда – масъул тузилма) ҳисоботни тақдим этади.

Совға тақдим этилган давлат фуқаролик хизматчиси томонидан совғанинг рухсат этилган қийматидан зиёд миқдори учун давлат органига тўлов амалга оширилади ва сотиб олинади. Совғани сотишдан тушган маблағ давлат органининг бюджети ёки бюджетдан ташқари даромадлари ҳисобига ўтказилади.

Агар давлат фуқаролик хизматчиси совғанинг рухсат этилган қийматидан зиёд миқдори учун тўловни амалга оширишни ҳамда сотиб олишни рад этса, совға давлат органи балансига ўтказилади.

Қўшимча қилинишича, Низом манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилганлиги инобатга олинсин.

Низом лойиҳаси 22 ноябр кунига қадар давом этади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.