Наврўз байрами куни ҳарорат +25 даражага кўтарилади

Улашиш:

Наврўз байрами куни ҳарорат +25 даражага кўтарилади

Шанба куни Каспий денгизидан булутли массивлар кириб кела бошлайди. Республиканинг аксарият ҳудудларида ҳаво ҳарорати нисбатан пасаяди, бироз ёмғир ёғади, момақалдироқ ҳам бўлиши мумкин. Бироқ 21 март куни ҳарорат +25 даражага кўтарилади.

Ўзгидромет хизмати агентлиги 17−21 март кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Шанба куни республиканинг жануби-ғарбий ҳудудларига Туркманистон орқали Каспий денгизидан келаётган циклон билан боғлиқ булутли массивлар кириб кела бошлайди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлади.

Фақат Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғади, момақалдироқ ҳам бўлиши мумкин.



Якшанба ва душанба кунлари республика ҳудуди бўйича нам циклон ўтишида беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Аксарият вилоятларнинг баъзи жойларида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида 20 март куни ёмғир ёғади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди.

Мамлакатнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда ёмғир кучли бўлади. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати нисбатан пасаяди ва +17…+20 даражани ташкил этади. 17−19 мартда республиканинг айрим ҳудудларида шамол 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

21 март — Наврўз байрами куни кам булутли ва қуруқ об-ҳаво кузатилади. Ҳарорат яна +22…+25 даражага кўтарилади.

17−21 март кунлари Тошкент, Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида 2000 метрдан юқорида қор кўчиши хавфи бор.

Тошкент шаҳрида якшанба куни кечга томон ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий йўналишдаги шамол 5−10 м/с тезликда эсиши сақланиб туради, 12−15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси +8…+10 даража, кундузи +20…+22 даража бўлади.

Душанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси +8…+10 даража, кундузи +17…+19 даража бўлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.