Эроннинг Tasnim агентлиги хабар беришича, мамлакат тарихидаги биринчи гипертовушли баллистик ракета ишлаб чиқилди.
Эрон ислом инқилоби посбонлари корпуси ҳаво-фазо кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизоданинг таъкидлашича, бу ракета барча ҳимоя тизимларини муваффақиятли ёриб ўтади.
«Янги ракета ракетадан ҳимояланиш бўйича барча ҳимоя тизимларини ёриб ўтишга қодир. Яқин ўн йилларда унга қарши туриб бера оладиган технология яратилишига шубҳам бор», — деди Ҳожизода.
Ракета айнан душманнинг ракетага қарши тизимларини йўқ қилиш учун мўлжалланганини айтган қўмондон бу катта қадам бўлди, деди.
Аввалроқ The Drive Эроннинг «Фотиҳ-10» ва «Зулфиқор» баллистик ракеталари нишонга ўта аниқ уриши ҳақида ёзганди.