Тошкентликлар газ ва свет билан боғлиқ кўплаб муаммолар ҳақида хабар беришмоқда

Улашиш:

Тошкентликлар газ ва свет билан боғлиқ кўплаб муаммолар ҳақида хабар беришмоқда. Ҳали қиш келмаган, ҳақиқий совуқлар ҳам олдинда. Бундан кейин нима бўлишини ўйласа, киши даҳшатга тушади.  

“Истеъмолчи.уз” ҳамжамияти тошкенликларнинг энергетиклардан норозилигини акс этган шикоятлардан тўлиб тошган. Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек, Миробод, Чилонзор, Шайхонтохур, Олмазор, Яшнабод ва Янгиҳаёт туманларида узоқ ва қисқа узилишлар ҳақидаги хабарлар келиб тушмоқда.

Фойдаланувчиларнинг маълум қилишича, кеча Юнусободдаги 7-сонли шаҳар клиник шифохонасида 13.00дан 19.40гача электр токи бўлмаган.

Спутник мавзесида токнинг бўлмагани аҳоли ҳаётини дўзаҳга айлантирган. Сабаби шундаки, у ерда плиталар, иссиқ сув, қозонхона ҳам токка уланган. Мавзеда токнинг йўқлиги боис, аҳоли овқат   ҳам тайёрлай олмайди, исишнинг   ҳам иложи бўлмайди.

Янгийўл шаҳри ва туманида ҳам электр токи тизимли равишда узилмоқда. У ерда ҳаттоки “оилавий байрам учун генератор ижараси” хизмати йўлга қўйилган.

“Шаҳар ва вилоятларимиз электр токи билан таъминланмас экан, давлатнинг ривожи ҳақида гапириш мумкинми? Токсиз инновация у ёқда турсин, цивилизация ҳақида гап бўлиши мумкин эмас”, - дея маълум қилишмоқда фойдаланувчилар.

Иштирокчилар қолдирган хабарларга кўра, Тошкентнинг кўплаб туманларида газ умуман йўқ ёки босими ниҳоятда паст. Айтилишича, Чилонзор, Учтепа, Миробод ва Яшнабод туманлари бу борада энг муаммоли бўлиб қолмоқда. Шунингдек, Юнусобод, Янгиҳаёт ва Шайхонтохур туманларида ҳам вазият яхши эмас.

Тошкентда фаолият олиб бораётган тадбиркорлардан бирининг маълум қилишича, ўз ишини тўхтатиб, 20 нафар ходимни ишдан бўшатган. Сабаби шуки, корхона фаолияти бевосита газга боғлиқ бўлиб, паст босимда ишлашнинг имкони йўқ.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.