Жиззах Самбҳрам университетида оилавий ажримларни олдини олиш мавзусида семинар машғулоти ўтказилди

Улашиш:

Жиззах вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган ўқув семинар машғулотида Жиззах вилоят суди судьялари Собир Кулиев ва Луиза Халитовалар иштирок этиб, улар оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилавий ажримларни олдини олиш мавзусида маъруза қилди. Жумладан, вилоят суди судьяси С.Кулиев ўз маърузасида “Жорий йилнинг 9 ойи давомида оилавий ажримлар бўйича 1720 та даъво аризаси кўриб чиқилиб, шулардан:

  • 739 таси қаноатлантирилган;
  • 817 таси рад қилинган;
  • 85 таси бўйича иш юритиш тугатилган;
  • 79 таси кўрмасдан қолдирилган.

Ҳудудлар кесимида олганда, ушбу тоифадаги ишлар Жиззах шаҳрига 335 та, Шароф Рашидов туманига 315 та, Зомин туманига 179 та, Ғаллаорол туманига 191 та, Бахмал туманига 154 та, Дўстлик туманига 58 та, Зарбдор туманига 103 та, Мирзачўл туманига 56 та, Фориш туманига 71 та, Янгиобод туманига 48 та, Пахтакор туманига 102 та, Арнасой туманига 54 та, Зафаробод туманига 54 та тўғри келган”лигини баён қилди.

Вилоят судининг судьяси Л.Халитова ўз маърузасида “Қаноатлантирилган 739 та ишларнинг даъво аризада ажрим бўлишига сабаб сифатида кўрсатилган ҳолатларга тўхталадиган бўлсак, 289 таси доимий жанжал сабабли, 22 таси учинчи шахсларнинг аралашуви натижасида, 53 таси фарзандсизлик, 99 таси тарафларнинг бошқа оила қурганлиги, 23 таси спиртли ичимлик ёки гиёҳванд моддалар истеъмол қилиши сабабли, 20 таси тарафлардан бирининг хиёнати, 20 таси моддий қийинчилик, 7 таси тарафлардан бирининг касаллиги ва 206 таси бошқа сабаблар кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда мутасадди вазирлик ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қўшма қарор билан тасдиқланган ҳамкорлик дастурининг ижроси юзасидан 2022 йил 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақидаги кўрилган фуқаролик ишлари юзасидан статистик таҳлил ўтказилди ҳамда ишларнинг сони ва натижасидан келиб чиққан ҳолда Жиззах вилоятидаги фуқаролар йиғинларилар (қизил, сариқ, яшил) тоифаларга бўлинган ҳолда оилавий низоларни олдини олиш мақсадида туман, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан ҳамкорликда давра суҳбатлари, профилактик тадбирлар ўтказиб келинаётганлиги“ баён қилди.

Судьялар томонидан тадбир иштирокчилари саволларига тўлиқ жавоб берилди.    

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.