Ўзбекистонда тергов ва суд жараёнида адвокатура институтининг роли оширилади

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида мамлакат ривожининг устувор йўналишларидан бири бўлган суд-ҳуқуқ соҳасидаги кейинги ўзгаришлар масаласига алоҳида тўхталиб ўтди. Мурожаатномада адвокатура институтини янада ривожлантиришга доир бир қатор ташаббуслар илгари сурилди.

Аввало давлат ҳисобидан бепул таъминланадиган адвокатларни «электрон танлаш» тизимини тўлиқ ишга тушириш зарурлиги таъкидланди. Мазкур тизимнинг аҳамияти шундаки, кўп ҳолларда давлат ҳисобидан ёрдам кўрсатадиган адвокат ишда шунчаки «ҳимоячи роли»ни ўйнаб беради. Ишда расмиятчилик учун иштирок этиб, давлатдан пулини олиб юраверади.

Шунинг учун бундай «навбатчи» адвокатлар таниш терговчининг битта чақириғи билан етиб келади ва иш ҳужжатларига қўл қўйиб кетади. Натижада бир тарафдан шахснинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмай қолади, иккинчи тарафдан эса давлатнинг пули бекорга сарф бўлади.

Эндиликда одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар тақдим этилади. Судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячининг фикри билан бирга қабул қилинади.

Айблов хулосаси, жиноят ишининг якуний ҳужжати бўлиб, унда асосан айбланувчининг айбдорлигини тасдиқловчи далиллар, унинг айбини оғирлаштирувчи маълумотлардан иборат бўлади. Аммо айбловни енгиллаштирувчи ҳолатлар бўйича алоҳида ҳужжат тузилмайди. Айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важлари ва уларни текшириш натижалари ҳам айблов хулосаси ичида келтирилади. Шу ерда мантиқ ва адолат бузиляпти. Оқловга оид маълумотлар қандай қилиб айблов хулосасида келтирилиши керак?

Шу сабабли айблов хулосаси билан бирга, ҳимоячининг оқловга оид фикрини ҳам ҳужжатлаштириб ишни судга юбориши айблов ва қораловнинг тенглигини таъминлайди.

Айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилиниши назарда тутилмоқда. Бунинг аҳамияти шундаки, баъзи ҳолатларда айбланаётган шахс ташқи босим остида ҳимоячидан гўёки «ўз ихтиёрига» кўра воз кечади.

Эндиликда эса айбланувчининг ҳимоячидан нима учун воз кечаётгани, у ўз ихтиёри билан воз кечяптими ёки пули йўқми, унга босим бўлганми, бўлмаганми — буларнинг барчаси прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганилади.

Бу ташаббуслар бир қатор жиҳатлари билан суд-ҳуқуқ тизимида адолатни таъминлаш, суд процессида томонларнинг тенг ҳуқуқли эканлигига кафолат бўлиш, адвокатлар ва уларнинг мижозларининг ҳуқуқ ва эркинликлари изчил юзага чиқарилиши учун тамал тоши вазифасини ўтайди. Суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонларнинг тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга ёрдам беради.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, президент томонидан илгари сурилган бу ташаббуслар адвокатура институтининг обрўсини кўтаришга, унга ёш кадрларни жалб этишга, аҳоли ўртасида адвокатларга бўлган ишончни мустаҳкамлашга ёрдам бериб, фуқароларимизнинг жойларда сифатли ҳуқуқий ёрдам олишларига хизмат қилади, турли сарсонгарчиликларга барҳам беради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.