Кўп миқдорда бюджет маблағларини ўзлаштирган собиқ вазирлик мансабдорлари қўлга олинди

Улашиш:

Фуқаро мурожаати асосида собиқ Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мансабдор шахсларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан ўрганиш ўтказилди ҳамда бир қатор хато ва камчиликлар аниқланди, деб хабар бермоқда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Жумладан, 2019 йилда Италиянинг Педилуко шаҳрида академик эшкак эшиш бўйича ўтказилган турнир ҳамда ўқув йиғини машғулоти учун сарфланган 334 миллион сўм, 20 680 евро ва 1500 доллар миқдоридаги маблағларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги маълум бўлган.

Шунингдек, 2020 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан жами 2,9 миллиард сўмлик 6 та шартнома бўйича сотиб олинган жиҳозларнинг фойдаланиш учун тарқатилганини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Шу ва бошқа бир қатор ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан терговга қадар текшириш ўтказилган. Натижаси бўйича прокуратура идоралари томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талончилик) 3-қисми, «а» банди ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.