Тезкор: Элдор Шомуродов бошқа клубга ўтди!

Тезкор: Элдор Шомуродов бошқа клубга ўтди!

“Рома”да ўйин амалиётисиз қолиб кетган Элдор Шомуродов фаолиятини “Специя”да давом эттиришга розилик берди.

Италия футболини ёритиб бораётган деярли барча нуфузли манбалар бу вазиятни охиригача кузатиб борди ҳамда ўзбек ҳужумчисининг якуний қарори қандай бўлгани ҳақида маълумот тарқатмоқда.

Хусусан, https://romapress.net нашри журналисти Жон Соланонинг ёзишича, “Специя” мутасаддилари “Рома” спорт директори Тьягу Пинтони ҳужумчини ижарага қўйиб юборишга кўндирганидан кейин кеч бўлишига қарамай, Элдор Шомуродов вакиллари билан музокара олиб борган.

Элдор Шомуродов ўзи учун охирида қолган икки даъвогар – “Кремонезе” ва “Специя”дан трансферни тўлиқ амалга оширишни талаб қилиб, “Рома”дан тўлиқ кетишга қарор қилган эди.

Бироқ, музокаралар натижасида легионеримиз мавсум охирига қадар “Специя”да ижара асосида тўп тепишга розилик берди.

Маълумотларга қараганда, “Рома” раҳбарияти “Специя”га Шомуродовнинг трансферини кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқини бермаган ва ҳамюртимиз мавсум тугаганидан кейин яна Римга қайтиб келади.

Ижара вақтидаги Шомуродовнинг хизмати “Специя”га 1,5 миллион евро атрофида тушиши таъкидланмоқда.

Шундан сўнг вазиятга қараб, Шомуродовнинг “Рома”да қолиши ёки ўзига бошқа жамоа топиши масаласи ёзги трансферлар вақтида ҳал қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов кучли бешлик чемпионатлари қаторига кирадиган А Сериядаги фаолиятини 2020 йилнинг октябрь ойида бошлаган. Элдор “женоа”да бир мавсумда Италия чемпионатида 31 та учрашувда 8 та тўп киритганидан кейин бир қатор клублардан таклиф олди ва якунда Жозе Моуриньо қабул қилиб олган “Рома”ни танлади.

Машҳур мураббий қўл остида ҳамюртимизнинг фаолияти муваффақиятли чиққани йўқ. Бир ярим йил мобайнида Моуриньо ўзбек ҳужумчисига етарли ўйин амалиёти имкониятини бермасдан, фақат бир неча дақиқадан ўйнатиб келди.

Рим клубида жами 48 та учрашувда майдонга тушган ҳамюртимиз олтитадан гол ва ассист қайд этди.

Шомуродов учун “Рома”даги кам сонли ёрқин воқеалардан бири жамоаси билан УЕФАнинг янги турнири – Конференциялар лигасида бош совринни қўлга киритгани бўлди.

Ниҳоят, 2023 йилнинг январь ойига келиб, Элдор Шомуродов жамоасини ўзгартиришга қарор қилди. “Рома” “Торино”, “Болонья”, “Фиорентина” каби жиддий клубларнинг таклифларини қабул қилмади.

Элдорнинг ўзи Италияда қолиш истагини билдириб, Германиянинг “Байер”, Испаниянинг “Вальядолид”, Франциянинг “Ренн” ва “Лилль” каби клублари чорловларига рад жавобини берди.

Вазият тақозоси билан Шомуродов “Специя”га насиб қилди. Бу трансфер тез орада расман тасдиқланиши кутилмоқда.