Газ ва электр энергия соҳасида ўғирлик жуда катта — Ўзбекистон президенти

Улашиш:

Президент иштирокидаги йиғилишда Ўзбекистонда газ ва электр соҳасида ўғирлик даражаси жуда юқори экани айтилди. Шавкат Мирзиёев энергетика назорати бўйича икки йил «фавқулодда тартибда» ишлаш вазифасини қўйди.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида 6 февраль куни энергия таъминоти соҳасида назорат тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

«Йиғилишда энергия етказиб бериш ва ҳисоб-китоб тизимидаги муаммолар танқидий таҳлил қилинди. Январь ойидаги совуқ бу борада бошқарув ва назорат сусайиб кетганини яққол кўрсатди. Мутасадди ташкилотлар автоматик ҳисоблаш тизими электр энергиясида 92 фоиз, табиий газ бўйича 98 фоиз ўрнатилган, деб ҳисобот берган. Лекин ҳалигача дебитор қарздорлик юқорилигича қолмоқда», — дейилади хабарда.

Туманлардаги тармоқ идоралари электр ва газга уланишга ҳисоб-китоб ва таҳлилларсиз рухсат бераяпти. Масалан, Тошкент шаҳрининг 120 та маҳалласида трансформаторлар юкламани кўтармагани учун бир ойнинг ўзида 5−6 марталаб таъмирланган.

Ҳанузгача тизимда ўғирлик жуда катта. Ресурслар хўжасизларча талон-торож қилинаяпти. Биргина декабрь ойида электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш бўйича 12 мингдан зиёд ҳолатда 600 млрд сўмлик зарар аниқланган. Автомобилларга газ қуйиш шохобчалари устидан назорат бутунлай издан чиққан.

»газ

Ўзбекистон бош прокурори Ниғматулла Юлдашев.

Шулардан келиб чиқиб, энергетика соҳасида назоратни кучайтириш ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича янги тизим белгиланди. Бу тизимга энергетика назорати бўйича икки йил «фавқулодда тартибда» ишлаш вазифаси қўйилди. Энергоинспекция ва Мажбурий ижро бюросининг ишини такомиллаштириш, электр ва табиий газга уланишда янгича ёндашувларни жорий қилиш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилишда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг рақамли харитасини ишга тушириш вазифаси қўйилди. Бунда аукционга чиқарилаётган ерларнинг жойлашуви, энергетика, коммунал ва ижтимоий инфратузилма қуввати аниқ кўриниб туради.


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.