Президент ёқилғи-энергия назорати бўйича янги қарорни имзолади

Улашиш:

Фото: Президент матбуот хизмати

Ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида давлат назорати самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори эълон қилинди.

Қайд этилишича, ёқилғи-энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш ва олдини олиш, улардан самарали ва оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда – Ўзэнергоинспекция) ташкил этилган.

Ўзэнергоинспекциянинг Давлат бюджети ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув штат бирликлари сони 357 та, шу жумладан, Ўзэнергоинспекция бошлиғи ўринбосарларининг сони 2 нафар этиб белгиланган.

Қарор билан Ўзэнергоинспекция фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди.

Таъкидланишича, Ўзэнергоинспекция Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида давлат органлари ва ташкилотлари томонидан қайта тикланувчи энергия манбаларининг қурилмалари ўрнатилишини ҳам назорат қилади ва белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилиши таъминланмаган тақдирда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан чоралар кўриш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиб боради.

Шунингдек, Бош прокурорнинг ёқилғи-энергия ресурсларидан фойдаланиш соҳасида қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган ўринбосари лавозими киритилади.

Ёқилғи-энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш ва бу борадаги жараёнларни рақамлаштириш мақсадида мавжуд электр ва газ тармоқлари ҳамда қурилмаларининг юкламаси белгиланган меъёрдан ошган тақдирда, уларга янги истеъмолчиларни улаш қатъиян тақиқланади.

2023 йил 1 мартдан бошлаб назорат тадбирларини амалга оширишда тафовутларни аниқлаш мақсадида Ўзэнергоинспекцияга «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖларнинг электр энергияси ва табиий газни назорат қилиш ҳамда ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларидаги ёқилғи-энергия ресурслари истеъмоли тўғрисидаги маълумотларни мониторинг қилиш имконияти яратилади.

Эектр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик бўйича тузилган далолатномаларни электрон шаклда расмийлаштириш ва тегишли маълумотларни «E-ma‘muriy ish» тизимига киритиш тартиби жорий этилади.

2023 йил 1 июлдан бошлаб юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар билан электр энергияси ҳамда табиий газни етказиб бериш бўйича шартномалар электр ва газ таъминоти корхоналарининг дастурий таъминоти ёхуд «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизими орқали электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда тузилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.