Шавкат Мирзиёев Жиззахда яқинда ишга туширилган саноат корхоналарини бориб кўрди

Улашиш:

Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни “Жиззах” эркин иқтисодий зонасидаги корхоналар фаолияти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, “Жиззах” эркин иқтисодий зонасида 27 та лойиҳа амалга оширилиб, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратилган. Охирги йилларда унинг фаолияти такомиллаштирилган. Ҳозир бу ерда кўп турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Улар қаторига 2022 йил октябрда “Ирускон” қандолат корхонаси ҳам қўшилган.

Давлати раҳбари унинг иш жараёнини, маҳсулотларини кўздан кечирган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Корхонада Россия, Туркия, Германия ва Италия тажрибаси асосида “Deya” бренди билан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Йиллик қуввати 12 минг тонна. 100 га яқин киши иш билан таъминланган. Келгуси йил иккинчи босқич учун Германия ва Туркиядан яна 5 миллион долларлик ускуналар олиб келиш режалаштирилган. Бунинг натижасида яна 550 нафар янги иш ўрни яратилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Иқтисодий зонадаги яна бир корхона - Master Building Products масъулияти чекланган жамиятида йилига 3 миллион дона қувур ва фитинг маҳсулотлари, қурилиш материаллари тайёрланади. 600 га яқин иш ўрни яратилган. Давлат раҳбари ушбу маҳсулотлар кўргазмаси билан танишган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Global Optical Communication Ўзбекистон—Жанубий Корея қўшма корхонаси ҳам кўздан кечирилган. Бу ерда йилига 85 минг километрлик оптик толали кабел маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. 115 киши ишламоқда.

Президент корхоналарда маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича кўрсатмалар берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Жиззах” эркин иқтисодий зонасида яна 14 лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 5 таси жорий йилда ишга туширилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.