«HABEAS CORPUS» институти – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг ишончли кафолати

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4850-сон ва 2017 йил 21 февралдаги «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4966-сон Фармонлари, шунингдек 2017 йил 12 апрелдаги ЎРҚ-428-сон Қонун билан маъмурий судларни ташкил этиш кўзда тутилган. Уларнинг ишини ташкил этиш учун янги Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш талаб этилди.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс 2018 йил 25 январдаги ЎРҚ-462-сон Қонун билан тасдиқланиб, 2018 йил 1 апрелидан кучга кирди.

МСИЮтК маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича суд ишларини юритишга татбиқ этилмайди. Маъмурий жазоларни қўллаш илгаригидек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс бўйича амалга оширилади.

Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 27-моддаси талабларига кўра, маъмурий судлар томонидан қуйидаги ишлар ҳал этилади:

1) идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

2) маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг (бундан буён матнда маъмурий органлар деб юритилади), фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонунчиликка мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

3) сайлов комиссияларининг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

4) нотариал ҳаракатни амалга ошириш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзишни рўйхатга олиш рад этилганлиги ёки нотариуснинг ёхуд фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

5) давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаш устидан шикоят қилиш тўғрисидаги;

6) инвестиция низолари бўйича;

7) рақобат тўғрисидаги ишларни ҳал қилади.

Суд фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан юзага келадиган, қонун билан ўзининг ваколатига киритилган бошқа ишларни ҳам ҳал қилади.

Бундан ташқари, мазкур кодекс бўйича муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ҳам маъмурий судлар томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Илгари муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш тегишли ички ишлар органи раҳбари ва прокурор томонидан тасдиқланган қарор асосида амалга оширилар эди.

Мамлакатимизда тарихан қисқа давр ичида инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган ҳуқуқий демократик давлат, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Истиқлол йилларида миллий қонунчилигимизни халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қонун ҳужжатларига мувофиқлаштириш, демократик тамойиллар ва халқаро ҳуқуқий талабларга тўлиқ жавоб берадиган ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Биргина «HABEAS  CORPUS» институтининг миллий қонунчилигимиздан мустаҳкам жой олгани ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.

Мамалакатимизда «HABEAS CORPUS» институтининг жорий этилиши, фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиниши ва даҳлсизлигини таъминлашга хизмат қилди.

Жиноят содир этишда гумон қилинаётган ёки айбланаётган шахсларни қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи, айбланувчини лавозимидан четлатиш ва шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чоралари ҳамда уй қамоғи каби эхтиёт чораларини қўллаш фақатгина суд томонидан амалга оширилиши ҳам фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилинишининг яна бир кафотлати ҳисобланади.

Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсни реабилитация марказига жойлаштириш ваколати қонун билан маъмурий судларга берилганлиги ҳам мамлакатимизда «HABEAS CORPUS» институтининг жорий этилишининг мантиқий давоми бўлди. Чунки фуқароларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш фақатгина суд томонидан амалга оширилиши халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалар талабларига мос келади.

 

Мизроб Бахриев - Жиззах туманлараро маъмурий судининг судьяси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.