Каниза: “Бизда қайси соҳада адолат бор? Мукофотлар ҳам пули борга бериладику?”

Улашиш:

Хонанда Каниза ижтимоий тармоқлардаги ахлоқсиз видеолари учун лицензиясидан маҳрум бўлганига муносабат билдирди.

— Менга бир хабар етиб келди. Шамоллаб ётганим учун мажлисга боролмагандим. “Ўзбекконцерт” бир пайтлар “Ўзбекнаво” эди. Бир оғиз топшириғингиз билан чекка қишлоқ борми, чанг-дала борми, йиллаб югуриб хизматингизни қилдим. Тақдирлаш у ёқда турсин, бир оғиз раҳмат дедингизларми? Сизларнинг топшириғингиз билан халқнинг хизматига текинга бордим. Биламан, менга текин, лекин халқ пулини тўлаб қўйган, у эса бошқа чўнтакка кираверган. Ҳаммасини билсак ҳам биз саънаткорлар индамадик, давлат сизларга ҳуқуқ берган деб бош эгдик.

Сизларнинг бир оғиз сўзингиз билан ижод қилиб, бир оғиз сўзингиз билан ижодим тўхтайдиган инсон эканман, нега аёл бошим билан ўзимни ҳимоя қилаётганимда жим турасизлар? Ўтирган ўрнингизни боқий деб ўйлайсизларми? Қачондир “Ўзбекконцерт” деган тушунча ҳам йўқ бўлади, чунки шоу-бизнеси ривожланган давлатларда бунақа тизим йўқ.

Нега концерт залларни тўлдириб, 3-4 минг одамга икки соатлаб ахлоқсиз гаплар билан шоу кўрсатадиганларни лицензияси жойида? Нега ижтимоий тармоқларда ҳам, хизматларда ҳам очиқ кийинадиганларнинг лицензияси жойида? Уларнинг “орқаси” бақувватлиги учунми? Бизнинг қайси соҳамизда адолат бор? Ҳатто мукофотлар ҳам “орқаси” ва пули борларга берилишини ҳамма билади-ю, лекин ҳеч ким ҳеч нарса дея олмайди.

Ҳинд кинолари халқимизнинг ахлоқини бузаётган экан, нега Ўзбекистонда клиплари ва киноларини намойиш қилишга рухсат берасизлар? Агар муаммо иштонсизлигим бўлган бўлса, уни фақат кўр одам кўрмагандир, шимим борлиги шундоқ кўриниб турибди. Агар клипларимга рухсат йўқ бўлса бошқаларга ўхшаб ҳаёсиз сўзлар ишлатиб вайнлар оламан. Бу халқимизга клиплардан кўра кўпроқ ёқади.

Ҳақиқатан менга қизиқ, нима учун четдан очиқ кийиниб келадиган ёки LGБТ’ни тарғиб қиладиган хонандалар келиб бемалол концерт бериб кетаверишади. Нега Сами Юсуф ёки Маҳир Заин келмайди? Халқни бу инсонларга талаби йўқми? Нега бундай масалада халқни эшитмайсизлар?

Мен ахлоқсиз ғояларни тарғиб қилаётган эканман. Мажлис охирида бу сўнгги хулосани ким ёзгани менга қизиқ. Аёл кийимини кийиб, пардоз қилиб хизмат қилаётганлар халқимизга қандай ғояларни сингдираётган экан? Улар нимани тарғиб қилишяпти? Вақт топиб TikTok’ни ҳам кузатинглар.

Эртага озгина тузалиб олсам “Ўзбекконцерт” ва маданият вазирининг “саройларига” бораман. Албатта адвокатим, юристим, эркин журналистлар билан бирга бораман. Қабул қилмасангизлар кечгача ўтираман. Лицензиямни қайтариб олиш учун эмас, шунчаки баъзи ҳақиқатларни айтиш ва уларникини эшитиш учун бораман. Менинг орқамда бақувват “танким” йўқ. Менинг орқамда ҳар қандай ҳолатда ҳам орқамда тура оладиган мухлисларим ва Роббим бор.

Ҳа, айтганча, “Ўзбекконцерт”га бир талабим бор. Худди рўмол ўраб телевидениега чиқишга рухсат берилмагандек, энди тери рангидаги кийимларда саҳналарга чиқилмасин, деб “запрет” қўйишсин. Биз бош устига бўйсунамиз.

Менга доим нега санъаткорлардан дўстингиз йўқ деб савол беришади. Мана жавобни вақти келди. Бизда санъаткорларни кўпчилигида самимийлик йўқ. Қоқилсанг, қўл узатмасдан чапак чалади, бир-бирига жўнатиб кулишади, иғво қилишади. Сохта профиллардан кузатиб, “подписка”, like босишга қўрқади ёки ғурурлари тўкилиб қолади. Маданият вакиллари, бор бўлинглар. Каниза сизларга фақат омад тилайди. Обрўларингиз тўкилмасин, халқимизнинг ғурурисизлар, — дейди хонанда.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кундан бери Канизанинг тўйдаги рақслари ҳамда кийимлари, шунингдек “Ҳинди шоу” кўрсатувидаги образи танқидларга сабаб бўлмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.