«Ўзбекконцерт»: Жасур Умиров лицензия олишга қарор қилса, хонандалик фаолиятини давом эттиришга рухсат берилиши мумкин

Улашиш:

                                                              Фото: «SB.uz»
Хонанда Жасур Умиров вояга етмаган қизни зўрлаганликда айбланиб, 2021 йил февраль ойида 5 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Орадан тўрт ой ўтиб, Олий суднинг 8 июндаги кассация инстанцияси ажримига асосан — жабрланувчи ва унинг қонуний вакилида хонандага нисбатан даъво йўқлиги инобатга олингани ҳолда — Умировга нисбатан чиқарилган озодликдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо озодликни чеклаш жазосига ўзгартирилган эди.

Жасур Умиров жазо муддатини қамоқхонада ўтаётган вақтида ўзининг қамалишига сабабчи бўлган қиз билан оила қургани маълум бўлди. Қамоқдан чиққанига кўп бўлмай, жамоатчилик эътиборига иккита янги қўшиғини ҳавола қилди (сўзлари қамоқда ёзилгани тахмин қилинаётган қўшиқларнинг биринчисида «Наркоманнинг ваъдасига, фоҳишанинг кўз ёшига ишонма» мазмунидаги мисралар бор).

Жазо муддатини ўтаётган шахсга хонандалик учун лицензия бериладими?

Жасур Умировга нисбатан чиқарилган суд ҳукмида унинг тадбиркорлигини чеклаш ҳақида гап кетмаган бўлса, унга лицензия олиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси масъули Эшқул Ҳакимов маълум қилди.

«Бундай ҳолатлар аввал ҳам, 4—5 йил олдин ҳам бўлган — қамалиб чиққан ё озодликдан маҳрум этилганлар орасида ҳам ижодий фаолиятини давом эттирганлар бор. Жазо олиш ё уни ўташ, агар суд қарорида айбланувчининг лицензиясини олиб қўйиш ёки лицензияланадиган фаолиятини муайян бир муддатга, масалан, бир йилга тўхтатиш ҳақидаги талаб бўлмаса, хонанданинг тадбиркорлик фаолиятини тўхтатишга сабаб бўлолмайди. Лицензия олган шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади», — деди муассаса вакили.

Жасур Умировнинг хонандалик лицензиясининг амал қилиши 2021 йил бошида тугаган (аммо 2020 йилда лицензиялаш соҳасида жорий қилинган имтиёзларга кўра, қўшиқчиларга лицензиясининг амал қилиш муддати тугаган бўлса ҳам, уларга йил охиригача лицензия олган соҳалари бўйича тадбиркорлик қилишга рухсат берилади). Ҳакимовнинг қайд этишича, Жасур Умиров лицензия олишга қарор қилса, «Ўзбекконцерт»га келиб ҳужжат топшириши, унга мавжуд тартиб-қоидалардан келиб чиқиб, унга фаолиятини давом эттиришга рухсат берилиши мумкин.

«Унинг лицензияси ҳақида бошқа тафсилотларни айтолмайман, чунки суд қарорини ҳали кўрмадик, бизга суддан ҳужжат келиб тушгани йўқ. Хонанданинг ўзи ҳам шу кунга қадар бизга лицензия масаласида мурожаат қилгани йўқ. Аммо унинг ижод қилаётгани ҳақида гап-сўзлар юрибди — ‘Ўзбекконцерт’ томонидан бунга эътироз йўқ. Агар суд қарорида санъаткорнинг лицензиясини олиб қўйиш ҳақида гап кетмаган бўлса, уни ижод қилишдан тўхтатишга бизнинг ҳақимиз йўқ», — деди «Ўзбекконцерт» вакили.

«Ўзбекконцерт» чекловчи ташкилот эмас

Эшқул Ҳакимовнинг алоҳида таъкидлашича, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси бирор бир фаолиятни чекловчи эмас, аксинча, ёрдам берувчи ташкилотдир. У, жумладан, Жасур Умиров билан қамалгунига қадар ҳам белгиланган қоидалар юзасидан бир неча бор суҳбатлар ўтказилгани, тартиб-таомиллар тушунтирилганини эслатиб ўтди.

«Бизда бировни ижоддан чеклаш мақсади йўқ. Нафат Жасур Умиров, балки бошқа хонандаларимиз ҳам санъаткорлик маданиятига мос равишда ўзини тутиб, халқ хизматида бўлса, ўйлайманки, ҳар икки томонга ҳам манфаатли бўлади», — деди «Ўзбекконцерт» вакили Эшқул Ҳакимов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.