Жиноят кодекси фуқаро банк ҳисобидан пулни унинг розилигисиз ечиб олишга оид модда билан тўлдирилади

Улашиш:

“Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Жиноят кодекси 192-12-модда билан тўлдирилади. У - жисмоний ва юридик шахслар банк ҳисобварағидаги пул маблағларини улар розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки ҳисобдан чиқариш ва ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармасликка оид.

Жисмоний ва юридик шахслар банк ҳисобварағидаги пул маблағларини улар розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки ҳисобдан чиқариш, ва ортиқча ундирилган пул маблағларини жисмоний ва юридик шахслар биринчи талабига асосан қайтармаганлик шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдори икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар: а) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдори уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар: а) жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда; б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдори беш юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.