ГАДОЙ ХОТИН БИЛАН СУҲБАТ… (Бўлган воқеа)

Улашиш:

Журналистнинг ҳаёти шунақа. Деярли ҳар куни қандайдир мақола ёзиш мақсадида аллақаёқларга боради, кун бўйи кимларнидир қидиради…

Мен ҳам ўша куни шошилинч кабинетдан чиқиб ўзим режалаштирган мақолани уюштириш ниятида кўзлаган манзилимга йўл олдим.

Кўнглим негадир ғаш. Дилим сиёҳ.

Хаёлимда фақат бир гап. Кечаси аланг-жаланг тушлар кўриб чиқибман. Эрта тонгда туриб керакли дуоларни ўзимча ўқиб олган бўлсам-да, барибир кўнглим таскин топмади. Тезроқ йўлимдан гадой чиқишини ва унга атаганимни топшириб енгил тортишни истардим.

Фаришталар омин деган эканми, бир пайт йўл четида чамаси бир ярим ёшлар оралиғидаги боласини бағрига босганча тиланчилик қилиб ўтирган бир аёл эътиборимни тортди.

Рўпарасига етганда таққа тўхтадим. Аёл тахминан қирқ ёшларда, эгнидаги кийимлари жулдургина, қорамағиз бўлса-да, лўлига ўхшамасди…

Шу лаҳзаларда тайёрлашим зарур бўлган мақола ҳам миямни тарк этиб, беихтиёр тиланчи аёл билан қизиқиб қолдим.

У кўкрагини очганча боласини эмизиб ўтирарди. (Тиланчи аёлларнинг кўпчилиги шунақа. Катта кўчада сийналарини очиб бемалол бола эмизаверишади)

Йўқ, ҳарқалай ийменди шекилли қараб қолганимни кўриб бир кафти билан кўксини беркитиб олди.

Мен чўнтагимдан пул чиқариб ердаги қутичасига ташладим. Миямда эса «Шу аёлни суҳбатга тортиб кўрсам-чи? Ҳаёти қанақа экан?» деган ўйлар чарх ура бошлади.

Яқин орада зоғ кўринмасди. Менинг қотиб турганимдан қўрқдими, у ола қараш қилиб ердаги қутичасини шартта қўлига олди.

— Кечирасиз, синглим, сиз мабодо…

— Сизга нима керак? — лўлилар шевасига яқин тилда қўрқув аралаш сўради у. — Нега менга тикилиб қолдингиз?..

— Қўрқманг, — дедим кулимсираб. — сизда зарур гапим бор эди! — Мен ижодкорман. Анчадан бери шу касбдагилар ҳаёти ҳақида газетада мақола бермоқчи бўлиб юрибман. Мен билан ўтириб суҳбатлашмайсизми?.. Агар вақтингиз бўлса…

— Кейин нима бўлади? — сўради аёл.

— Нима кейин? Тушунмадим.

— Газитда чиқарсангиз, мени милисалар ушлаб…

— Йўғ-э, — кулиб юбордим мен. — ҳеч ким сизни безовта қилмайди. Исмингизни ўзгартириб ёзаман.

— Шунақами?.. Ундай бўлса розиман. — деди аёл енгил тортиб. Ва боласини кўкракдан ажратиб ёнидаги увадаси чиққан кўрпача устига ўтқазди-да, айбдорлардек бошини эгиб, икки қўлини иягига тираганча давом этди. Мен бўлсам, ишим ўнгидан келаётганидан хурсанд бўлиб қулоғимни динг қилдим.

— Исмим Маржона, — давом этди у. — сиз лўли деб ўйлаган бўлсангиз, хато қипсиз. Ўзбекман. Асли бухороликман. Биласизми, болалигимда ота-онам қандайдир касалга чалиниб ўлиб кетишган. Етти ёшимда етим қолиб, ҳали у қўшниникида, ҳали бу қўшниникида кун ўтказардим. Қариндош-уруғларимизнинг ҳам бола-чақаси бор. Уларга ортиқча эдимми, ҳеч бири мени олиб кетишни исташмаган.

Хуллас, шу кўйи ўн бир ёшга етдим. Қўшниларнинг ҳам жонига тегдим шекилли, борманми-йўқманми, қизиқмай қўйишди. Биров менинг нега мактабга қатнамаётганим билан ҳам қизиқмасди. Охир оқибат кўчага чиқиб кетдим…

Қорним оч, чўнтагимда пулим йўқ. Гадойликнинг илк сабоғини ўшанда олганман.

Очликдан силлам қурий бошлаганда, кимларгадир ялиниш ўрнига шаҳарга бориб одамлар гавжум жойга ўтириб олардим-да, болаликда онамдан эшитган дуоларни узуқ-юлуқ ўқий кетардим. Кўзларимни эса уялганимдан юмиб олардим.

Кейин-кейин кўникиб ҳам кетдим. Кўзларимни юммасдан, ўзим тиланаётганларга тик қарай оладиган бўлдим… Ёши катта гадойлар неча марталаб ҳайдаб солишса ҳам йўлини топиб қорнимга овқат топа билдим. Қиш чиллаларида домларнинг ертўласида, баъзан кўприклар остида юпқагина камзулимга ўранган кўйи жон сақладим…

Ёшлигимда бир орзуим бор эди. Лўли йигитни севиб қолишни жуда-жуда истардим…

Ҳайрон бўлдингиз-а?.. Тўғри, гоҳида ўзим ҳам ўзимни таний олмай қолар эдим. Лекин ўтирсам ҳам, турсам ҳам шу ўй менга тинчлик бермасди. Билмадим. Балки, уларнинг юз кўринишлари ҳиндларга ўхшаши учундир?.. Ўшанда ҳам ҳинд фильмларини берилиб кўрар, кино қаҳрамонларига ўхшагим, улар билан яқин бўлгим келаверарди-да!..

Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ўн олти ёшимда орзуим ушалгандай бўлди. Шаҳарда тиланиб юриб арава қўшилган эшакда кетаётган чиройли лўли йигит билан танишиб қолдим. Танишувимиз ғалати кечди. Арава бўш шишаларга тўла эди. Ўнқир-чўнқирда арава чайқалиб бир неча ўнлаб шишалар тўкилди. Мен беихтиёр шоша-пиша синмай қолган шишаларни тердим-у, аравага қайтадан жойладим.

— Сиз лўлимисиз? — сўради Иззат (йигитнинг исми шундай эди) қорамағизлигим сабаб шундай ўйлади шекилли.

— Башарти лўли бўлсам-чи?

— Ўхшайсиз. Лекин шевангиз бошқача.

— Тўғри, мен ўзбекман. Шунинг учун шевам бошқача…

Биз Иззат билан шу кундан эътиборан учраша бошладик. Йўқ, бошқалар каби янги кийимларда, боғларда ўтирмасдик. Аксинча, ҳар куни Иззат эшагида шу кўчадан ўтар, мен уни кутиб турардим. Иккаламиз шаҳарни айланиб шиша йиғардик. Топшириб пул қилгандан сўнг эшакда мириқиб сайр қилардик…

Йўқ, бироз адашган эканман. Лўлилар мени қаллиқ сифатида қабул қилишни исташмади. Иззатнинг оиласи ҳам шаҳарнинг бир четидаги кенгликда қора уй тутиб яшарди. Буни лўлилар табори деб аташарди. Ҳаммаёқ ахлатга тўла, лўли болалари шаталоқ отиб ўйнашар, итларнинг вовиллаши атрофни тутиб ётарди.

Мени таборга олиб келгач, бўлди тўполон, бўўлди тўполон… Лўли аёллар қўйиб берса мени ғажиб ташлашга тайёр туришар, эркаклари қўлларига тошмиди, темирмиди олиб Иззатга хезланишар, онаси уни жон-жаҳди билан ҳимоя қиларди…

Иззат онасини кўндира олмагач, мени эшак аравасига ўтқазиб мусулмонлар мачитига олиб борди ва муллага ҳаммасини тушунтирди. Биз никоҳ ўқитдик…

Ҳайронман, ҳаммаси шу қадар тез содир бўлдики, ўз бахтимга ишонгим келмас, худди ширин туш кўраётгандек эдим. Лўлиларнинг жанжаллари-тўполонлари ҳам ёдимдан кўтарилганди. Ёнимдаги девқомат Иззатга ишонар, унинг ҳимоясида эканимни ҳис этганим сайин дадиллашиб бошимни баланд тутардим.

— Сен қасам ич! — деди йўл-йўлакай Иззат эшагини тўхтатиб.

— Нима деб қасам ичай? — сўрадим кулиб.

— Сен бугундан эътиборан лўли ҳисобланасан. «Бир умр тиланчилик қиламан, лўлилар одатига амал қиламан.» деб қасам ич!..

Мен қасам ичдим.

Афсуски, яна омадим юришмади. Иззат алоҳида чодир қуриб мен билан бирга яшай бошлаган бўлса-да, онаси кунига ўн-ўн беш марталаб чодиримга кирар, менга дағдаға қилар, дастурхондаги нонгача тортиб олиб ўз чодирига олиб кетарди. Юз-кўзларида заррача шафқат аломатларини кўрмасдим.

Аламим келганидан тўйиб-тўйиб йиғлар, қисматимга лаънатлар ўқирдим.

Аммо нима қилай? Чидашга мажбур эдим. Иззатга айтсам, бир умр уни йўқотиб қўйишдан чўчирдим. Шу нарсагина мени сукут сақлашга мажбур этарди.

Ҳа, тоқат қилдим. Иззат кириб келганда кулиб, очиқ чеҳра билан кутиб олавердим. Ҳеч бир гина кудурат қилмадим.

Ҳа, якшанба куни эди. Иззатнинг онаси Олмахон опа, яъни, мени келин сифатида ҳамон тан олмаётган қайнонам тушга яқин қўлида эски, четлари кўчган сопол итялоқ билан кириб келди.

— Агар Иззатдан айрилиб қолмай десанг, мана шу итялоқдан овқат ейсан. — деди у сопол идишни оёқларим остига ташлаб. — Чунки, сен беномус, беҳаё, тошбағирсан!.. Ўғлимнинг бош-кўзини айлантириб қўйгансан. Ўлармидинг ўзингнинг ўзбагинггдан биронтасини топсанг?..

Мен индамадим. Лабларимни тишлаганча тескари ўгирилиб туравердим.

— Сенга нон ҳам, овқат ҳам берилмайди. — давом этди қайнонам. — Итларим қатори ювинди келтириб бераман. Билиб қўй, ўғлимга ғинг десанг, тамом бўлдим деявер! У нима бўлгандаям эркак киши. Сен қанжиқнинг гапингга кириб тўполон кўтарадиган бўлса, гўштингни титиб ташлайман. Пул ҳам сўрамайсан. У кетганидан кейин ҳаммаёғингни ўзим текшириб тураман…

Бунисигаям кўндим. Фақат Иззат келгандагина тузук-қуруқ овқат ейдиган, бошқа вақтларда итларга бериладиган ювиндини ичиб кун кўришга маҳкум этилдим.

Қанийди фарзандли бўлиб қолсам, — ўйлардим ўзимча. — невара бу шафқатсиз қайнонамниям юмшатармиди…

Орадан икки йил ўтган бўлса-да, ҳомиладорликдан дарак бўлмади. Ана энди қайнонамга Худо берди. Овқатдан, эркинликдан қисгани бир ёқда қолиб, туғмасдан олиб туғмасга сола бошлади. Майлийди, шунча уқубатларга бардош қилган шунисини ҳам кечирардим. Лекин кунларнинг бирида… Иззатнинг икки чодир наридаги лўли қизга унаштирилганини эшитиш…

Бунисини вужудимга сиғдира олмадим. Иззат ҳам лом-мим демасди. Кечалари қайта-қайта сўрасам ҳам, уф тортганча тескари ўгирилиб олаверарди.

Бир куни тонг ёришар-ёришмас, чиқиб кетдим.

Мен севиклигимни бир умрга тарк этдим.

Ўзга иложим қолмаганди. Уни беҳуда азоблашни, юрагини зардобга тўлдиришни хоҳламасдим. Бахтли ва тинч-тотув ҳаёт кечириши тарафдори эдим.

Фақат… Қалбим барибир уни дер, яхши кунлар келишидан умидвор эдим. Бир кун келиб мени қидириб топишига ишонардим.

— Кейин-чи? — кўз ёшлари қорамағиз юзларини ювиб тушаётган Маржонага тикилиб сўрадим. — Кейинги ҳаётингиз қандай кечди? Ахир, ҳозир ҳам тиланчилик қилиб юрибсиз-ку!

— Мен Иззатни тарк этаётганимда, ўзимга ўзим: «Бир умр тиланчилик қиламан» деб сўз берганман.

— Нега? Бошқа иш қилсангиз тирикчилигингиз ўтмайдими?

— Йўқ, мен тиланиб ўтирсам, Иззатни эслайман. Ширин хотиралар доимо мен билан бирга бўлади. Эшакда кечган бахтиёр онларимизни ўйлаб кайфиятим кўтарилади. Ўзимни гўё Иззатнинг ёнидагидек ҳис этаман.

— Кейин у сизни қидириб келмадими?

— Келмади. Икки йил кутдим. Дарак бўлмади. Тиланчилар ҳам бир-бирига ҳасад қиларкан. Ёмон одамнинг қўлига тушиб қолганман. У дажжол эркак. Шаҳардаги тиланчиларнинг деярли ҳаммаси унга «улуш» бериб туради. Йўқса, кун бермайди. Милсаларга, солиқчиларга сотади. Ёки бўлмаса, кечаси тутволиб ўлдириб юборишданам тоймайди.

— Бадавлатми? Кечирасиз-у, мен тиланчилар жуда бой бўлишади деб эшитганман.

— У бой. Аммо ўзи яшайдиган уйи меникидан баттар. Топганини бузуқи аёлларга, қиморга сарфлайди. Кундузи тиланчилик қилса, кечаси қиморга боради. Биласизми, мен ҳам ундан ўлгудек қўрқаман. Хоҳлаган пайтда уйимга келиб бирга ётишимни талаб қилади. Нима қилай? Ётаман.

— Милисага хабар берсангиз бўлади-ку!

— Қанийди қўлимдан келса. Иложим йўқ. У мени бир пайтлар кўчаларда қишнинг совуқларида, ёзнинг жазирамаларида қолиб кетишдан асраб қолган. Ундан бир умр қарздорман. Бундан ташқари, мен ўша билан ётгандан сўнг ҳомиладор бўлганман. Афсус… Устига устак ундан қўрқаман. Қўрқишимни билгани учунми, боламни туғиб бағримга босишга қўймайди. Олдириб ташлашга мажбур қилади. Ҳар йили аҳвол шу. Ҳомиламни олдиргач, бировларнинг боласини эмизаман.

— Айтганча, нега энди бировнинг боласини кўтариб ўтирасиз? Кимдир мажбур қиладими?

— Биринчидан, бола кўтариб ўтирсангиз, яхши пул ишлайсиз. Мени ўша эркак ўргатган. Ўша-ўша пиёнисталарнинг, ёки енгилтабиатроқ, ёлғиз, топиш-тутишининг мазаси йўқ аёлларнинг фарзанд кўрганини эшитсам, дарров улар билан келишиб фарзандини кун бўйи олиб юраман. Ҳам эмизиб, ўзим енгил тортаман, ҳам болани бериб туришгани учун ҳақ тўлайман… Бўлди, энди кетинг!.. Ҳозир у кириб келиб қолса, адойи тамом бўламан. Кетинг!..

Маржона даст ўрнидан туриб кетишга чоғланди.

— Кетинг!.. Милисалар келадиган вқат бўлиб қолди. Сизни деб тирикчиликдан қолиб кетаяпман! Кетинг!.. Лекин… Гапларимни албатта газитингизда чоп этинг!.. Кетинг!

Мен секин ўрнимдан туриб кетишга чоғландим.

Маржона эса аллақачон катта йўлга чиқиб олишга улгурди.

Ана энди ҳеч қаерга бориб ўтиришимнинг зарурати қолмаганди. Кабинетга қайтиб худди шу мақолани тайёрласам бас…

То кебинетимга кириб боргунча ҳам ҳам Маржонанинг синиқ чеҳраси, аламли нигоҳлари кўз ўнгимдан кетмади…

Мана, ўша воқеага ҳам икки ойча бўлиб қолди. Ҳар куни шаҳар кўчалари бўйлаб ишга қатнайман, уйимга қайтаман. Ҳар гал болани бағрига босганча ўткинчиларга умидвор термулаётган гадой аёлларни кўрганимда у ёдимга тушади. Боланинг бегоналигига амин бўлсам-да, барибир вужудимда ачиниш ҳиссини туяман. Қисматнинг нақадар шафқатсизлигидан юрагим ўртанади.

Олимжон ҲАЙИТ

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.