Отангни қози ўлдирса... ёхуд Фитрат давридаги қойилмақом коррупция

Улашиш:

Абдурауф Фитратнинг «Ҳинд сайёҳининг қиссаси» асари 1912 йили Истанбулда нашр этилган. Унда Бухорога келган ҳиндистонлик мусулмон сайёҳ тилидан ҳикоя қилинади. Аслида ҳинд сайёҳи – ёзувчи Фитратнинг ўзи. Бухоро амирлиги ўша пайтда ҳозирги Қарши, Ғузор, Шаҳрисабз, ҳатто Ҳисор тоғларигача бўлган ҳудудда ҳукмронлик қилар эди. Ана шундай кенг сарҳадларда маърифат ва соғлиқни сақлаш, илм-фаннинг тараққиётдан ортда қолиши сабабини муллалар, муфтий ва амирларнинг кенг маънодаги илм-фандан узоқлиги, мансабу бойликка ўчлиги, порахўрлиги туфайли деб билган Фитрат катта маҳорат билан бу иллатларни фош этади. Қуйида ушбу асардан парча ўқийсиз...

Қарши қозихонасида ўз кўзим билан кўрган бир воқеа Бухоро қозиларининг мурувватсизлигини яққол тасвирлаб бера олади. Ўшани арз этсам:

Эрталаб қози эшон саломидан чиқиб кетаётган эдим, тўсатдан қозихонанинг эшигидан элликка яқин эркак ва бир хотин шовқин-сурон билан кириб, шариат бурёсининг устига ўтиришди. Мен ҳам қизиқиб, атайин уларга яқин бордим ва суҳбатларини диққат билан эшитдим. Хотин турли далилларни келтириб, даъво қилар эди:

– Кеча нон пишираётиб, битта нонни тандирдан узиб, суфанинг устига қўйдим. Шу пайт уйдан боламнинг йиғиси эшитилди. Хабар олиш учун борганимда, ўша қолдириб кетган нонимни мушук олиб кетибди. Эрим буни кўриб, мени кўп уришди. Ялиниб-ёлворишим фойда бермади, эрим тобора жаҳлига миниб, сўзларимга қулоқ солмасдан мени тепа бошлади. Ахийри жон ҳоврида қўшнининг ҳовлисига қочдим ва у ердан акамнинг уйига бордим. Кейин эса сизнинг хизматингизга етиб, арз этиб, қозининг мулозимини олиб бордим. Мана энди ўзини олиб келдим.

Қози хотиннинг эрига қараб деди:

– Нега бу бечорани калтакладинг? Шаҳарни ҳокимсиз деб билдингми?

У эркак бутунлай мункир келиб деди:

– Менинг бу ишдан хабарим йўқ. Хотинимнинг акасининг мен билан душманлиги бор эди. Шунинг учун хотиним менга туҳмат қилмоқда.

Қози (ўта ғазаб билан): – Ёлғон гапиряпсан. Шуғулланиб юрган ишларингни ҳеч ким билмайди деб ўйлайсанми? Ҳозироқ тирноқларинг остига ғаров тиқаман, – деб ўша заҳотиёқ қамашга ҳукм этди.

Шу пайт ҳалиги кишининг тарафдорлари баланд овозда унинг бегуноҳлигини исботлашга тириша бошлади, хотин томонидан келганлар эса уларнинг сўзларини инкор этар эдилар. Хуллас, ҳар иккала томон орасида ғавғо бошланди, биров бировга қулоқ солмас эди. Тортиша-тортиша қозихонани тарк этдилар. Мен уйга қайтаётиб, ушбу воқеадан ҳайратланиб, ўз-ўзимча дер эдим: «Хўш, нонни-ку, мушук олиб кетибди, эллик киши овора бўлиб, икки фарсаҳ йўлдан бу ерга нега келишди экан?»

Бир оз китоб мутолаа этдим. Туш ҳам бўлиб қолди... Овқатланиш вақти етган эди. Қози менга одам юборди. Таомни биргаликда едик...

Шу аснода қозихона ҳовлисида икки киши кўринди. Қози:

– Эрталаб бир-бири билан уришган эр-хотинни кўрганмидингиз? – деб сўради.

Мен: – Кўрган эдим.

Қози: – Бу икковлон уларнинг оқсоқоллари, қани кўрайлик-чи, нима истар эканлар...

Шу пайт иккала оқсоқол эшикдан кириб, салом бердилар. Қози уларнинг бирига қараб, деди:

– Ҳа, оқсоқол, аҳволларингиз қалай?

Оқсоқол: – Дуо қиламан, тақсир. Худо сиз жанобларининг ва махдумжоннинг (ҳинд сайёҳи) умрига барака ато этсин.

Қози: – Бу падарлаънат, эшак хотинини нега урибди, мамлакатни ҳокимсиз кўрибдими?

Оқсоқоллар: – Балоингизни олай, у бечорада гуноҳ йўқ, хотиннинг ўзи ҳам жуда шаллақи-да.

Қози: – Хотин кишининг қўлидан нима ҳам келар эди, барча худобехабарлик ва обрўсизлик ўша эшакнинг ўзидандир, у бу заифани кимсасиз деб гумон қилган. Мен кимсасизларнинг отасиман. Шу бугуноқ жаноби олийга арз этиб, етмиш беш дарра урдираман, токи бошқаларга ибрат бўлсин.

Оқсоқол қозининг бу сўзларидан жуда қўрқиб, деди:

– Тақсиржон, дардингизни олай, қари қулингизнинг сўзини қабул этиб, ўша бадбахтнинг гуноҳини кечиринг, хотини ҳам гуноҳидан кечди.

Қози: – Ёлғон сўзлаяпсиз, хотини ҳеч вақт унинг гуноҳидан кечмайди.

Оқсоқол: – Биз ёлғон гапираётганимиз йўқ, буюринг, хотиннинг ўзини олиб келайлик.

Қози: – Олиб келинг.

Оқсоқол чиқиб кетди ва маълум вақт ўтиши билан хотинни тарафдорлари билан бошлаб кириб, бўрё устига ўтирғизди. Қози хотинга қараб деди:

– Эрингни қамадим. Эртага жаноби олийга арз қилиб, етмиш беш дарра урдириб, сарбозликка топшираман.

Бечора хотин қозининг сўзларини эшитиши билан бир сесканиб, йиғлаб деди:

– Мен эрим номидан тавба қиламан, у бечоранинг гуноҳидан кечинг, худо ҳаққи, бизнинг аҳволимизга раҳм этинг.

Қози: – Эй хотин, энди бунинг иложи йўқ. Менга қара, эринг сени урдими ёки йўқми? Агар урган бўлса жазолайман, урмаган бўлса, эрингга туҳмат қилганинг учун сени жазолайман.

Хотин: – Эрим мени урган эди, лекин мен ҳозир унинг гуноҳидан кечаман, сиз ҳам унинг гуноҳини кечиринг.

Қози: – Тамом... эринг сени урган экан, мен уни жазолайман. Албатта, эринг сени кимсасиз ва бечора деб билган, энди қасдингни оламан, токи халойиқ билсинки, мен бу шаҳардаги бечоралар ва кимсасиз кишиларнинг ҳомийсидирман.

Бечора хотин яна илтижо билан деди:

– Болаларингизнинг роҳатини кўринг, икки сағир фарзандимиз бор. Раҳм қилинг, ахир, эримга нисбатан ҳеч даъвойим йўқ, у бечорани афв этинг.

Қози: – Шариатнинг сағир фарзанд билан иши йўқ, эрингни жазолайман.

Хотин: – Ҳозир сиз ўзингизни бечораларнинг ҳомийси дедингиз, арзимас шу ишни деб уйимизни куйдирманг, мени бева, фарзандларимизни етим қолдирманг.

Қози ғазабланиб мулозимларига буюрди:

– Бу падарлаънат девонани олиб чиқинг!

Раҳм-шафқатни билмайдиган мулозимлар бечорани муштлаб-тепкилаб, қозихонадан олиб чиқиб кетишди. Мен ҳам ўз уйимга жўнадим. Бу кеча ўтиб, эртасига... бир оз мутолаа билан шуғулландим, бироқ фикримни ҳеч йиға олмас эдим. Ўша хотиннинг ҳазин нолалари ўқтин-ўқтин хаёлимни бўлар эди. Қозининг одами келиб, мени чойга таклиф этишини сабрсизлик билан кутар эдим. Мақсадим: шу баҳона, ўша кечаги маҳбус эр ва бадбахт хотиннинг тақдиридан хабардор бўлиш эди.

Кўп ўтмай, хабарчи менга қозининг таклифини етказди. Худодан миннатдор бўлиб, тезда қозининг уйига етиб бордим. Таом тановули орасида бир оз суҳбат қилдик. Шу пайт кечаги икки оқсоқол салом бериб, уйга кириб ўтирдилар. Қози табассум билан алик олди ва мулозимларидан бирига кечаги маҳбусни олиб келишни буюрди.

– Эй худо урган бадбахт! – деди қози маҳбусга қараб. – Мен сени етмиш беш дарра урдириб, сарбозликка топширмоқчи эдим, лекин бу сафар ҳам оқсоқоллар ҳурмати, гуноҳингдан кечдим.

Оқсоқоллар ҳам, маҳбус ҳам эл дардини ўйлайдиган бу қози ҳақига дуо қилишди. Мен ҳайратдан ёқа ушлаб, ўзимча дер эдим: кеча ўта қаттиққўллик, бугун ўта марҳамат ва мулойимлик кўрсатган қози эшоннинг ҳаракатлари сабаби не экан?

Фақат ана шу масаланинг ҳақиқатига етишиш учун қозининг уйидан чиқиб, мирзохонага бордим. Қозининг мирзакалони донишманд киши бўлиб, баъзан туркий ва форсий газеталарни ҳам ўқир эди. Биз бир неча марта ҳамсуҳбат бўлган эдик. Мени кўриши билан деди:

– Мусофир жаноблари, кўрдингизми, биз қанчалик бадбахт эканмиз?

Мен: – Нимани кўрибман?

Мирзо: – Ана шу эр ва хотин жанжалини яхшилаб мулоҳаза этдингизми ёки йўқми?

Мен: – Ҳа, диққат билан кузатдим. Билдимки, ўша нонни мушук олиб кетибди. Бироқ қозининг мушук ўйини сабабини тушунмадим.

Мирза: – Қолган нонларни ҳам улардан тортиб олиш учун эди.

Мен: – Биродар, бу воқеадан жуда ҳайратда қолдим. Ишнинг ҳақиқати қаерда? Қози эшон биринчи кун нега бунча қаттиқ туриб олдилар? Бугун нега камоли илтифот билан маҳбусга жавоб бердилар?

Мирза: – Кеча намози шомдан кейин ўша икки оқсоқол келиб, шариатпаноҳ жанобларига икки минг танга ҳадя этиб, эрнинг гуноҳини тилаб олдилар. Қози эса оқсоқоллар «ҳурмати» туфайли, у бечоранинг гуноҳидан кечдилар.

Мен: – Нима деяпсиз? Мушук олиб қочган битта ноннинг қиймати икки минг танга... Бунинг маъниси не?

Мирза: – Кошки, бу харажат икки минг танга бўлса эди? Фақатгина қози жанобларининг ҳадяси шунча.

Мен: – Яна қандай харажатлар бўлиши мумкин?

Мирза: – Бир ярим минг танга қози мулозимлари, раис ва ҳокимнинг кишилари ҳамда ўша икки оқсоқолнинг чўнтакларига кирди.

Мен: – Тўғрисини айтсам, сизнинг бу қиссангиз мени жуда ҳайратга солди. Агар битта нонни ўғирлаган мушукнинг харажати шунчалик бўлса, катта-катта даъволар учун қанча тилар экан булар?

Мирза: – Ҳайрон бўлсангиз ҳам, бўлмасангиз ҳам ҳақиқат шу. Албатта, катта даъволар ўзгача харажатталабдир.

Мен: – Шундай экан, халқнинг аҳволи нима кечади?

Мирза: – Худо билади.

Шу пайт икки мулозим кириб, суҳбатимизни бўлишди. Мен чиқиб, ўз уйим томон кетдим. Тушда ҳар кунги одатим бўйича, қозининг уйига бордим. Қози мени кўриб, кулиб деди:

– Шаҳар ёнмаса дарвишнинг кабоби пишмас. Биз сиз жанобларини қандай хурсанд қилишни билмас эдик. Яхшиямки, худо етказди. У хотиннинг нонини мушук олиб қочиб, биз ҳам бир неча тангага эга бўлдик. Ана шу янги овимиздан ўзимнинг ҳаққим ва махдумжоннинг улушини олдим. Бу уч юз танга сиз жанобларига қолди. Бизнинг камимизни кўп ўрнида кўрасиз.

Ушбу сўзларни айтиб, бир неча рус пул қоғозларини олдимга қўйди. Мен уларга қўл тегизмай, дедим:

– Жуда мамнун бўлдим, бироқ бир густоҳлик қилсам. Агар марҳамат этсангиз, арз этсам.

Қози: – Нима густоҳлик?

Мен: – Бу хотин ва унинг эри пулни қаердан топишди экан?

Қози: – Ҳо-ҳо-ҳо! Биз пул олишни биламиз, бошқасига ишимиз йўқ, Отасининг гўридан топсин, бизга нима!

Мен: – Авф этасиз. Банда бир мусофирман. Ушбу ишларни билиш мен учун пулдан ҳам муҳимроқдир. Шунинг учун сўрадим.

Қози: – Хабарим йўқ, бироқ сазангиз ўлмасин, девонбегидан сўрарман.

Девонбегини чақириб сўрадилар. У деди:

– Эрида пича пул бор экан, етмаганини аёли икки таноб ерини сотиб берди.

Қози менга қараб деди:

– Тушундингизми?

Мен: – Ҳа, тушундим, мамнун бўлдим. Лекин, сиз жаноблари шаръи шарифнинг ҳокими бўла туриб, ўша бечоранинг пулини олишга қандай ботиндингиз?

Қози: – Эй биродар... шариатни қўйинг, агар қозиликнинг шундай ишлари бўлмаса, иссиқ уй-жойимизни совутиб бу юртларга нега келдик?

Мен: – Авф этасиз, мен бу пулни олмайман.

Қози: – Нега?

Мен: – Мусулмонман, буларни сизга берганлар ҳам мусулмондирлар.

Қози: – Сўзларингизнинг маънисига етмадим. «Мусулмонман ва улар ҳам мусулмондирлар...» Ҳали биз на сизни, на уларни кофир деганимизча йўқ. Пулни нега олмайсиз?

Мен: – Бизнинг шариатимиз барча мусулмонларни бир-бирига биродар этиб, бир мусулмон молига иккинчи мусулмоннинг ноҳақ эгалик қилишини ҳаром деб уқтиради. Сиз, жаноблари бир мусулмон ҳаққини зўрлик билан олдингиз, буни мен ўз кўзим билан кўрдим. Энди эса ундан менга ҳам улуш бермоқдасиз. Сизнинг бу гуноҳингизга шерик бўлишни истамайман. Шунинг учун ҳам бу пулни олишим мумкин эмас.

Қози сўзларимдан аччиқланди ва ғазаб билан пулни ҳамёнига солди, бироқ ҳеч нарса демади. Мен ҳам туриб ташқарига чиқдим. Бундан кейин бу ерда қолишим мумкин эмаслигини билиб, тезлик билан бир аравани гаплашдим.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.