Тарих зарварақлари: катта бозордаги чинқириқ

Улашиш:

«Шайтон йўлига кириб, харидорни алдадим, – дея ярим яланғоч ҳолда чинқираётган кишининг овози бутун бозор аҳлини ўзига жалб қилди. Кимдир «жазоинг шу сенинг» деб, йўлида давом этди. Айрим сотувчилар эса сергакланиб қолдилар.

Негаки чинқираётган киши ҳозиргина ёнида туриб савдо қилаётган бозорчилардан эди. У харидор ҳақига хиёнат қилгани учун аравага миндирилиб, дарра урилаётган, халқ нафратига учраган касга айланган эди...

Ярим соатча аввал пўрим кийиниб турган қориндор энди ярим яланғоч ҳолда аравада қичқириб ётар, унинг сазойи қилинаётгани эса бошқа ҳамкасбларига сабоқ бўларди. Бу – Ўрта Осиё хонликлари давридаги оддий ҳолат. Ўғрилик, фирибгарлик қилган банда шу тариқа бозорда сазойи қилинар, тутиб келтирилган касга ҳукмни раис ўқирди. Зеро, бундай мансабдаги одам хонликда энг эътиборли бўлиб, тош-тарозининг тўғрилиги, бозордаги бутун тартиб-интизомни назорат қиларди. Раисга жазолаш ваколатини қози берган ва у хон розилигига кўра, бозорга масъул амалдорни вазифага тайинлаганди. Шу боис XIX асрнинг ўрталарида Туркистонни забт этган чоризм ҳуқуқ-тартибот тизимидаги жазолаш турини халқ судлари деб атаган эди.

Табиийки, ислом дини ҳукмрон ўлкада қози, муфтий ва раислар ҳукмни шариатга кўра чиқарарди. Улар халқ фикрига таяниб, шариат қонун-қоидалари ва ахлоқ мезонларининг бажарилишини, жавобгарга жазо чорасини бевосита эл ичида қўллардилар. Халқ гавжум жой эса бозор. Оғир сиёсий жиноий иш, турли сарой ўйинлари фош этилиб қолса, бевосита хон ёки қозикалон ҳукм ўқир, кўпинча узоқ муддатли зиндонга ташлаш, ўлим жазоси беришни ҳам улар белгилашарди. Қолган фуқаролик ва жиноий ишларни эса вилоят, туманлардаги қозилар ҳал қиларди. Шунингдек, кундузи бозорда, кун ботиши билан, асосан, шаҳарларда посбонлик қилувчи миршаблар ҳам жазо чораларини қўллашда қозиларга итоат этишарди.

Хуллас, миршаб, раис, қози, муфтий, қозикалон, хон «халқ судлари» дея чоризм даври тадқиқотчилари эътироф этган, жамиятда адолат мезонларини тутиб турувчи шахслар эдилар. Чор мустамлакачилари ўлкани забт этгач, шариат асосида иш юритувчи халқ суди – қозилик суди ҳам сақланиб қолаверди. Айни пайтда эса чор империясининг судлари ҳам ташкил этилган эди.

Удар ҳудудий бўлинишига кўра, туман суди, суд палатаси ҳуқуқидаги вилоятлар бошқармаси, «мировой суд» қурултойлари, ҳарбий суд комиссияларидан иборат эди. Туман (уезд) судьялари мулкдан маҳрум этишга дахлдор ҳисобланмаган жиноий ишлар, давлат хазинасига оид бўлмаган, 2000 рублгача миқдордаги даъволарни кўриб чиқарди. Вилоятлар бошқармалари туман судларидан норози бўлганларнинг шикоятларини қайтадан кўриб чиққанлиги ҳам маълум. Ҳудудий жойлашишига қараб, Марғилон, Ўш, Тошкент ва Самарқанддек генерал-губернаторликка қаровчи шаҳарларда ҳарбий судлар жорий этилганди. Чунки мазкур ҳудудларда чор империяси гарнизонлари мавжуд эди. Чор империяси судлари билан бир пайтда олдинги даврдагидек қозилар ҳам фаолият юритаверишарди.

1886 йилда «Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида низом» ишлаб чиқилганида император Александр II қозилар фаолиятига қизиқиб қолади. Шундан кейин Туркистон чоризмга қарам бўлгани учун аввалгидек адолатли, халқ ичида нуфузли зотлар эмас, мустамлакачиларга лаганбардор, бойиш исканжасидаги кишилар қози этиб тайинланадиган бўлди. Негаки бу империя манфаатлари, мустамлака халқни итоатда сақлаш учун энг муҳим омил эди.

Умид Бекмуҳаммад,
тадқиқотчи.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.