Толибон ҳукумати ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад-Аббос Станикзай қизларнинг мактаб ва университетларда таълим олишини тақиқлаш шариат нормаларига мувофиқ эмаслигини билдирди. У бу ҳаракатни аёллар ҳуқуқларига нисбатан адолатсизлик деб атади ва ҳукуматни таълим имкониятларини барча учун очишга чақирди.
Станикзайнинг таъкидлашича, Афғонистонда аёллар турмуш ўртоғини танлашдан тортиб, таълим олиш ҳуқуқигача бир қатор асосий ҳуқуқлардан маҳрум қилинган:
"Биз аёлларнинг масжидларга, мактаб ва университетларга, ҳатто диний мактабларга боришини тақиқлаб қўйдик. Бу мамлакатдаги 40 миллион кишидан 20 миллионга яқинига нисбатан адолатсизликдир."
У Муҳаммад пайғамбар даврида таълим эркаклар ҳамда аёллар учун тенг имкониятларда очиқ бўлганини эслатиб, бунинг тарихи шариатда мавжуд эканини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, яқинда Афғонистоннинг Ҳирот вилоятида Толибон ҳукумати аёлларни телевидениеда янгиликлар диктори сифатида фаолият юритишини тақиқлаган эди. Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш бошқармаси бу қарорни аёлларнинг овозлари эркакларни эътиборини чалғитиши мумкинлиги билан изоҳлади.
Бу каби чекловлар Афғонистонда аёлларнинг асосий ҳуқуқларини тиклаш масаласида халқаро ҳамжамият ва фуқаролик жамиятида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.