Афғонистон ҳукумати Исломободда 11-12 январь кунлари ўтказилган қизлар таълимига бағишланган глобал саммитда қатнашиш таклифини рад этди.
Мазкур тадбирда 47 мамлакатдан 150 нафарга яқин делегат қатнашди. Тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Малала Юсуфзай саммитда нутқ сўзлаб, ислом дунёси етакчиларини қизлар таълимига алоҳида эътибор қаратишга чақирди. Унинг таъкидлашича, дунё бўйлаб 120 миллиондан ортиқ қиз таълим олиш имкониятидан маҳрум.
"Афғонистон бугунги кунда қизлар таълим олиши тақиқланган дунёдаги ягона мамлакатдир. Толибоннинг афғон қизлари ва аёлларига нисбатан содир этган жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши лозим," — дея маълум қилди Юсуфзай ўз чиқишида.
Афғонистонда қизлар таълими билан боғлиқ вазият ўта кескин бўлиб қолмоқда. Ўтган йил декабрь ойида аёлларга тиббиёт олийгоҳлари ва коллежларда ўқиш тақиқланди. Бу таълим муассасалари улар учун мавжуд бўлган сўнгги имконият эди. Аввалроқ толиблар университетлар ва ўрта мактабларга киришни ҳам тақиқлашган эди.
Эслатма: Афғонистонда аёллар ҳуқуқлари бўйича чекловлар нафақат таълим соҳасида, балки кундалик ҳаётнинг бошқа жабҳаларида ҳам жорий этилмоқда. Жумладан, уйлардаги деразаларни аёлларни кўриш мумкин бўлмаган тарзда қуриш талаби ҳам шулар жумласидандир.