«Қўрқув ва даҳшат»: Ғарб ҳарбийлари бутунлай кетгач Афғонистон билан нима бўлади?

Улашиш:

«Толибон» муваффақиятли юришлар қилиб тобора кўпроқ туманларни эгалламоқда ва ҳаракат айни вақтда Афғонистонда сўнгги 20 йилликдаги энг кўп ҳудудларни назоратига олган. Кўп йиллар мобайнида НАТО мамлакатлари авиацияси ушбу минтақада толибларни тийиб турган асосий куч бўлиб келди. Ҳозирда АҚШ ҳарбий операцияларни тўхтатиб ортга қайтаётганида эса, гуруҳ жангарилари кўп куч сарфламасдан янгидан янги ҳудудларни эгаллаб олмоқда.


Бир пайтнинг ўзида Афғонистоннинг бир неча ҳудудида қақшатқич жанглар кетмоқда. Ҳукумат кучлари ҳам, толиблар ҳам катта йўқотишлар бермоқда. Аммо афғон армияси қурғоқчилик, иқтисодий муаммолар ва коронавирус пандемияси туфайли таъминот бўйича жиддий муаммоларга дуч келган. Аксинча, толибларнинг молиявий оқими барқарорлигича қолмоқда. Натижада улар кўплаб аҳоли пунктларини умуман жангсиз эгаллашмоқда - психологик операциялар самарали бўлмоқда.

«АҚШ ва НАТО кучларининг зудлик билан олиб кетилиши афғон хавфсизлик кучларини руҳий жиҳатдан синдирди. Толиблар бирданига бир неча фронтдан ҳужумга ўтгани боис ҳукумат кучлари мамлакатнинг қатор туманларида, айниқса америкалик ҳарбийларнинг ҳаводан қўллаб-қувватлови тўхтаган паллада, ўз позицияларини ҳимоя қилиш учун имконият ва ресурслар етишига ишонч билдирмаяпти. «Толибон» эса ўзига хос тактика қўлламоқда - қуролни топширишга тайёр бўлган барча ҳукумат ҳарбийларига умумий амнистия эълон қилган. Айрим ҳолатларда толиблар аскарларга ўз уйларига етиб олиши учун пул ҳам бермоқда», дея қайд этади BBC радиоси Афғон хизмати муҳаррири, профессор Довуд Аъзамий.

Ўз навбатида, толибларнинг қўмондонларида ўз кучига бўлган ишонч ортиб бормоқда.
«Толиблар ҳукумат кучлари жангчилари билан музокараларга киришмоқда ва уларга демоқда: «Сизларда уч ҳафтадан буён ейишга овқат йўқ, сизларда ўқ-дори етишмаяпти, ҳеч ким сизларни қутқаришга келмайди, жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганларни ҳеч ким олиб кетмайди. Биз эса сизларни қўйиб юборишга тайёрмиз, фақат қуролларни топширсангиз бўлгани», - дея ҳикоя қилади BBC’га Афғонистон армияси махсус отряди билан рейдда бўлган Times журналисти Энтони Лойд.

Гап Афғонистон армиясининг йирик ҳарбий базалари ҳақида борганда эса, «Толибон» ҳатто аскарларга ўз шахсий қуролларини олган ҳолда кетишни таклиф этмоқда. Натижада аскарлар чекинмоқда, базалардаги ўнлаб техникалар, жумладан америкаликлар томонидан афғон армиясига берилган замонавий зирҳли автомобиллар толиблар қўлига тушмоқда. Шунингдек, жангарилар миномётлар, улкан миқдордаги ўқ-дори ва бошқа оғир қуролларни ўлжа қилиб олишмоқда.

Афғон армияси толиблар қаршисида ёлғиз қолмоқда

БМТ маълумотларига кўра, май ойи бошидан буён Афғонистоннинг 60дан ортиқ тумани толиблар назоратига ўтди (мамлакатдаги туманлар сони 370 атрофида, энди шундан 90дан ортиғи толиблар қўлида). Шу билан бирга, мутахассисларнинг қайд этишича, «Толибон» асосан мамлакатнинг муҳим шаҳарлари яқинидаги стратегик позицияларни эгаллаб, ҳудудий устунликка эга бўлмоқда.

«Толибон»га қарши олдинги чизиқларда туриб курашган айрим аскарлар ва зобитлар Ғарб коалицияси ҳарбийлари уларни энг ноўрин паллада жангарилар билан ёлғиз қолдириб кетмоқда, деб ҳисоблайди.

«Мен гаплашган ҳукумат аскарлари хорижий ҳарбийлар ҳақида нафрат билан гапиришмаяпти. Аммо уларнинг сўзларида аламзадалик бор. Улар америкаликларнинг келиши вазиятни оғирлаштиргани, янги уруш олови ёқилгани ҳақида айтишади. Афғонларнинг фикрича, энди америкаликлар энг қийин паллада кетиб қолмоқда», дейди Лойд.

Соядаги ҳукумат ва «Толибон»нинг шиддатли ҳужумларга ўтиши

Толибларнинг «соядаги ҳукумати» кўп йиллардан буён толибларнинг қуролли отрядлари мавжуд бўлган барча туманларда фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу Афғонистон расмий давлат тузилмалари ва амалдорларига параллел равишда йўлга қўйилган тизимдир.

Толиблар ўзларини шунчаки исёнчи гуруҳ деб билишмайди, улар «Афғонистон ислом амирлиги» тикланмагунча курашишда давом этишларини айтишади - 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонни бошқарган толиблар давлати айнан шундай аталганди.

Ҳозирда Афғонистоннинг қанча ҳудуди қайси кучлар томонидан бошқарилаётганини аниқ айтиш имконсиз. Моҳиятига кўра, мамлакатнинг барча туманларини уч тоифага ажратиш мумкин:

  • расмий Кобул томонидан қаттиқ назорат қилинадиган туманлар;
  • амалда тўлиқ толиблар томонидан бошқариладиган туманлар;
  • баҳсли ҳудудлар.

«Баҳсли ҳудудларда икки томон ҳам қанчадик ҳокимиятга эга бўлади. Баъзида шундай бўладики, расмий ҳукумат ҳудудни кундузи бошқаради, кечқурун эса бу ерда «Толибон» фаоллашадин. Ёки, масалан, ҳукумат ва толиблар бу ҳудудларга навбатма навбат эгалик қилади», дея изоҳлайди Аъзамий.

2017 йилда BBC Афғонистоннинг ҳар бир туманидаги вазият ҳақида тушунча ҳосил қилиш учун кенг кўламли тадқиқот ўтказган. Унинг якунларига кўра, «Толибон» Афғонистон ҳудудининг 70 фоизлик қисмида ўз ҳарбий амалиётларини ўтказиб туриши маълум бўлганди.

«Ҳозирда толиблар фаол ҳаракат қилаётган ҳудудлар улуши янада ортган. Амалда толиблар 2001 йилдан кейинги даврда энг кўп ҳудудларга эгалик қилмоқда», дея қайд этган Аъзамий.

Кўпчилик АҚШ ва иттифоқчиларининг Афғонистондан бутунлай кетиши толиблар Кобулни босиб олиб, мамлакатни тўлиқ ўз назоратига олиши учун йўл очишига шубҳа қилмаяпти.

«Кичик айб учун ҳам калтак»

Толиблар томонидан илгари суриладиган ўта консерватив қарашлар Афғонистоннинг тоғли ва чекка ҳудудларида эътирозсиз қабул қилинади. Бундай ҳудудларда одамларнинг ҳаёт тарзи, ахлоқий муносабатлар ва қадриятлар XIX аср охирларидан буён деярли ўзгаришларга учрамаган.

Аммо нисбатан тараққий этган ҳудудларда, аниқса йирик шаҳарларда яшовчи одамлар толиблар том маънода шариат нормаларига асосланган қатъий (баъзида шафқатсиз ҳам) бошқарув тизимини қайтаришидан хавотирланишмоқда. Толиблар 1990-йилларда ҳокимият тепасида бўлганида Афғонистонни шариат қонунлари бўйича бошқаришганди.

Апрелда BBC журналистлари Балх вилоятида толиблар назоратидаги қишлоқда бўлишганди. Қуролли одамлар борлигида маҳаллий аҳоли «Толибон»га миннатдорчилик билдириб, ҳаракатни қўллаб-қувватлашини билдирган. Аммо журналистлар билан бироз муддат холи қолишганда одамлар бутунлай бошқача воқеаларни айтиб беришган.

«Бизда танлов йўқ, одамлар ўзларига фармон қилинган ишларни қилишади. Ҳатто кичик қоидабузарлик учун ҳам жисмоний жазо қўлланади. Одамлар қўрқувда яшашади», деган BBC суҳбатдоши. Маҳаллий аҳоли вакиллари толиблар шафқатсиз кайфиятда экани ҳақида гапиришган: улар соқолини олган эркакларни калтаклашади, мусиқа эшитишни тақиқлашади, аудиотехникаларни тортиб олиб, синдириб ташлашади.

Ёш афғонлар ўзлари яшаб келаётган сўнгги 20 йилликдаги фуқаролик жамияти барбод бўлиб, маълум эркинликларини йўқотишдан хавфсирашмоқда.

Кўплар толибларнинг Афғонистонда таъсири кенгайиши биринчи навбатда аёллар ва болаларнинг ҳаётига таъсир кўрсатишидан хавотирда

«Халқаро коалиция Афғонистонга фақатгина терроризм устидан ғалаба қозониш учун эмас, балки аёллар ва болалар ҳуқуқларини, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш учун ҳам келганди. Энди улар кетмоқда ва бу одамларнинг кейинги тақдири қандай кечиши ҳақида қайғурмаяпти», дейди Кобулда яшовчи фаол Фрешта Карим.

Фрешта 28 ёшда, у Оксфорд университетида магистр даражасини олган, аммо Афғонистонга қайтиб, афғон болалари учун кўчма кутубхоналар ташкил этган. Сўнгги уч йилда минглаб болалар Кобул ва унинг атрофи бўйлаб ҳаракатланувчи автобусда янги китобларни ўқиш имкониятидан баҳраманд бўлишди.

Аммо ҳозирда Фрешта ватанни ташлаб кетиш ҳақида ўйлашга мажбур бўлмоқда: «Биз оиламиз билан буни муҳокама қилдик, мен агар толиблар Кобулни эгаллай бошласа, биз Афғонистондан кетишимиз кераклигини айтдим. Аммо ота-онам Афғонистондаги фуқаролик урушининг аввалги босқичида қочқин бўлиб яшаб кўришган. Бу қўрқув ва даҳшатга тўла йиллар бўлган. Ўшанда улар Покистонга қочишга мажбур бўлишган. Ҳозир эса дунё қочқинлар учун янада қийинроқ».

АҚШ «Толибон» билан тинчлик келишуви имзолаганидан бери толиблар Афғонистонда аёллар ҳуқуқи ва бошқа фаолларни ҳимоя қилиш учун курашувчи журналистларга ҳужумларни кўпайтирган.

«Сўнгги бир йилда олти нафар журналист ўлдирилган. Ўнлаб ҳамкасбларим ОАВдаги ишни ташлаб, касбини ўзгартирган. Кўплаб журналистлар ва фаоллар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлишди», дейди BBC’нинг Афғонистондаги бюроси раҳбари Карим Ҳайдарий.

Унутилган қочоқлар

Мужтаба Қаландарий олти йилдан буён қочқин мақомини олишини кутмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, Афғонистонга мансуб бўлиб, бутун дунё бўйлаб тарқалган қочқинларнинг сони  2,8 млн кишини ташкил этади. Сўнгги бир неча йил ичида яна юз минглаб афғонлар мажбуран кўчишига тўғри келган - яъни мамлакат ичкарисида қочқинларга айланишган. Одамларнинг бир қисми ҳарбий ҳаракатлар туфайли, қолгани Афғонистонда сўнгги икки йил мобайнида қишлоқ хўжалигини оғир аҳволга солиб қўйган қаттиқ қурғоқчилик сабабли ўз уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлишган.

Мужтаба Қаландарий 2015 йилда рафиқаси ва ўғли билан Афғонистондан Индонезияга қочиб борган. Ўтган вақт мобайнида оилада яна икки фарздан туғилган. Аммо улардан ҳеч бири ҳозиргача қонуний равишда қочқин мақомини ололмаган.

«Биз 2015 йилдаёқ БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармасида рўйхатдан ўтганмиз. Аммо шу вақтгача биз билан ҳеч ким боғланмади. Бизни унутиб юборишди», дейди Муджтаба.

Қочқинлик мақомини юридик жиҳатдан тасдиқламасдан улар бирор давлатда расман ишга кира олишмайди. Натижада улар тиббий хизматлар ва таълимдан фойдалана олишмайди, шу ва бошқа эҳтиёжларига тўлов қилиш қобилиятига эга бўлиш учун ишга кириб пул ишлаб топишнинг ҳам имкони бўлмайди. Бутун дунёдаги қочқинлар лагерлари тўлиб-тошган, бундай лагерларнинг аксарида одамлар жуда оғир шароитларда яшаб келишади. Айримлар узоқ йиллик номаълумлик азобларига дош бера олишмайди.

Абдул қочқин мақомини олиш учун етти йил курашган. Аммо унинг руҳияти тақдир зарбаларига дош беролмаган.

Абдул (оила унинг фамилиясини очиқламасликни сўраган) 2014 йилда Афғонистондан Индонезияга қочиб борган. У ўтган йиллар давомида ўз рафиқаси ва икки фарзанди билан яна бирга яшаш учун ҳаракат қилади - у оиласини ўзи билан олиб кетолмаганди. Аммо Абдулланинг барча уринишлари бесамар кетади - унинг расмий қочқинлик мақомини беришни сўраб қилган мурожаатини кўриб чиқиш вақти келмайди, ташқи ёрдамсиз оиласини Афғонистондан олиб кетишнинг ҳам имкони бўлмайди. Ўтган йил декабрида Абдул ўз жонига қасд қилади.

Бундан кейин нимани кутиш мумкин?
Толиблар етакчилари интервьюлар ва дипломатик музокаралар вақтида ўзлари қуришни истаётган «исломий ҳукумат» бўйича режалари ҳақида жуда мавҳум гапиришмоқда.

Америкалик ҳарбийлар Афғонистондан тўлиқ олиб чиқилиши 2021 йил 11 сентябрида якунланиши мўлжалланган

Бир қатор таҳлилчиларнинг фикрича, «Толибон» ичида консерваторлар ва мўътадиллар ўртасида келиб чиқиши мумкин бўлган зиддиятни имкон қадар кечиктириш учун шундай қилинмоқда. Ҳозирда ҳам АҚШ бошчилигидаги Ғарб ҳарбий коалицияси тимсолидаги ташқи душман кетгач ҳам бу икки лагердагилар бир ғоя остида бирлашиши аниқ эмас.

«Кўп ўтмай ҳарбий ҳаракатлар жадаллашувига гувоҳ бўламиз, толиблар ва Афғонистоннинг расмий ҳукумати вакиллари ўртасидаги тинчлик музокаралари жуда суст кечмоқда», дея қайд этади Аъзамий.

Музокараларнинг кейинги босқичи арафасида томонлар рақибга таъсир кўрсатиш учун имкон қадар кўпроқ ричагга эга бўлишга ва стратегик муҳим йўналишларда позицияларини мустаҳкамлашга уринмоқда.

Афғонистоннинг қайсидир ҳудуди устидан назорат йўқотилиши ёки қўлга олиниши томонларнинг бири учун нафақат ҳарбий, балки иқтисодий муваффақият ҳам саналади.

Агар «Толибон» қайсидир ҳудудни эгаллаб олса, маҳаллий маъмуриятнинг пул ресурслари ва инфратузилма ҳам уларнинг қўлига ўтади. Қолаверса, толиблар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва майда савдогарларга солиқ тўлатишни бошлайди, ҳукумат эса аксинча, бундай тушумлардан маҳрум бўлади. Ўз навбатида, «Толибон» бирор ҳудудни ташлаб чекинса, тескари жараён рўй беради.

Ҳали ҳам томонлар жангларни тўхтатиб, дипломатияга ўтишига умид бор. Аммо бундай музокаралар муваффақияти амалдаги режим ташқаридан қай даражада қўллаб-қувватланишига боғлиқ.

«АҚШдан ташқари Афғонистондаги уруш ва тинчлик масаласига ўз сиёсати билан таъсир кўрсата оладиган беш минтақавий ўйинчи бор. Булар Покистон, Россия, Эрон, Хитой ва Ҳиндистон. Агар ушбу давлатлар ўз саъй-ҳаракатларини Афғонистондаги тинчлик учун мувофиқлаштиришса, бунинг учун ўз ричагларини қўллашса, вазият барқарорлашуви ва тинчлик ўрнатилиши учун яхши шароит юзага келади. Аммо турли мамлакатлар Афғонистондаги турли гуруҳларни қўллашга қарор қилса, ҳарбий ҳаракатлар фақат кучаяди ва умумий вазият янада хавфлироқ тус олади. Бу эса ўз навбатида бутун минтақадаги тинчлик ва барқарорликка ўзининг салбий таъсирини кўрсатади», деб ҳисоблайди Аъзамий.

«Агар ҳозирги траектория бўйича ривожланишда давом этса, фуқаролик уруши бошланиши муқаррар», деган журналистларга НАТО ва АҚШ қўшинларининг Афғонистондаги ҳарбий амалиётларига қўмондонлик қилган генерал Скотт Миллер.

Сўнгги кунларда толиблар ҳукумат кучларининг Тожикистон билан чегарадаги бир неча постларини эгаллаб олишди. Шу вақтгача Тожикистон томони жангарилардан қочиб чегарадан ўтган 1500га яқин ҳарбийни қабул қилди. Ўзбекистон эса июнь ойи охирида икки марта чегарадан кириб келган (53 ва 47 нафардан) афғон ҳарбийларини ортга қайтариб юборган. Москвадагилар бу ҳудуддаги вазиятдан ташвишда эканини айтмоқда, РФ президенти Владимир Путин Тожикистонга ёрдам кўрсатишни ваъда қилган.

«Толибон» Афғонистон ҳудудининг 80 фоизини назорат қилишини айтиб келади. Мен бу рақамлар қанчалик ҳаққоний эканини билмайман ва буни изоҳлай олмайман. Аммо «Толибон» яна Афғонистон сиёсий ландшафтининг бир қисмига айлангани ҳисобга олинмаса, масалага ечим топиб бўлмайди», деган Россиянинг БМТ қошидаги доимий вакили Василий Небензя.
«Биз ҳали америкаликлар бутунлай кетганидан кейин мамлакатда юзага келадиган вазиятни кўришимиз керак», дея қўшимча қилган дипломат.

Америка ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиш режа бўйича рамзий кунда - 2021 йилнинг 11 сентябрида якунланиши керак. Аммо, Reruters агентлиги ва CNN телекомпанияси ўз манбаларига таяниб хабар беришича, бу жараён анча олдинроқ якунланиши ҳам мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.