Афғонистонлик собиқ жангчилар Украинадаги урушга ёлланмоқда. Уларни ёллаётганлар ким?

Улашиш:

Ғарблик иттифоқчилар томонидан ўқитилган ва қуроллантирилган афғон коммандослари Афғонистон миллий армиясининг энг жанговар қисмлари саналган. Фото: GETTY IMAGES
2021 йил ёзида АҚШ ва унинг иттифоқчилари шошилинч равишда эвакуация бўлиб, тақдир ҳукмига ташлаб кетилган Афғонистон Миллий армиясининг сараланган махсус кучлари корпуси аъзолари ўзларига Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш бўйича таклиф тушаётганини айтишган.

Кўплаб афғон ҳарбийлари ва хавфсизлик соҳасидаги мутахассислар АҚШда таълим олган ва қарийб 20 йил мобайнида америкаликлар ва бошқа иттифоқчи кучлар билан бирга жанг қилган енгил пиёда бўлинмалари жанг майдонидаги вазиятни ўзгартиришда Россияга ёрдам бериши мумкин.

Ҳокимият «Толибон» қўлига ўтгач, Афғонистонда 20-30 минг коммандос қолиб кетди, фақат бир неча юз нафар катта офицерларни эвакуация қилишнинг имкони бўлган. Мамлакатда қолган махсус бўлинмалар жангчиларининг кўпчилиги қўлга тушиш ва қатл қилинишдан қочиб яширинган - толиблар ҳамон собиқ режим тарафдорларини фаоллик билан таъқиб қилмоқда.

Қўшма Штатлар Афғон миллий мудофаа ва хавфсизлик кучларини ташкил этиш учун қарийб 90 млрд доллар сарфлаган. Бу кучлар лаёқатсизлигини кўрсатиб, бир неча ҳафта ичида мамлакатни толибларга топширган бўлса-да, афғон махсус кучлари доимо ҳурматга сазовор бўлган, чунки улар Америка ва Британия махсус кучлари томонидан тайёрланган.

Собиқ афғон генерали Фарид Аҳмадийнинг тасдиқлашича, энди бу одамлар Украина ва Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш учун ёлланмоқда. Унинг сўзларига кўра, собиқ ҳарбийларга жозибали молиявий пакетлар таклиф қилинмоқда ва ҳатто айрим собиқ ҳарбийлар унга қўнғироқ қилиб, пул учун хорижий давлат қўшинларига ёлланиш қанчалик тўғри бўлиши борасида маслаҳат сўрашган.

Ўтмишда ўзи ҳам афғон махсус топшириқли кучлари зобити бўлган собиқ амалдор Foreign Policy нашри билан суҳбатда айтишича, Россия афғон жангчиларини «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси орқали ёлламоқда.

«Сизга айтишим мумкинки, ёлловчи - «Вагнер». Улар бутун дунё бўйлаб одам йиғади. [Россия учун] хорижлик ҳарбийларни ёлловчи ягона ташкилот - бу «Вагнер», уларнинг армияси эмас. Бу тахмин эмас, кўпчиликка маълум бўлган факт. Улардан ғарблик иттифоқчилар украинлар билан биргаликда жанг қилиши учун фойдалангани яхшироқ бўларди. Улар руслар учун жанг қилишни исташмайди; руслар - душман. Аммо улар бошқа нима қилсин?» деган у.

АҚШ Конгресси учун тайёрланган, ўтган йил ёзидаги муваффақиятсиз эвакуация тўғрисидаги махсус ҳисоботида америкалик конгрессмен Майкл Маккол ишсиз қолган афғон жангчилари «агар рақиблар, жумладан ИШИД каби халқаро террорчи гуруҳлар билан ёки Хитой, Россия ва Эрон каби давлат субъектлари билан ишлашга мажбур қилинса, улар АҚШ хавфсизлиги учун хавф туғдириши мумкинлиги»ни қайд этади.

Айрим баҳоларга кўра, Афғонистондаги махсус кучлар аъзолари бўлган 10 минггача собиқ ҳарбийлар Россия армияси учун жанг қилиш таклифини қабул қилиши мумкин.

Фото: Getty Images
«Улар Покистонда ёки Эронда кунига 3-4 доллар ёки Туркияда кунига 10 доллар учун ишлашга тайёр. Ва агар «Вагнер» ёки бошқа исталган махсус хизмат уларга келиб, яна ҳарбий хизматга қайтиш учун 1000 доллар таклиф қилса, улар бундан воз кеча олмайди. Агар бир кишини ёлласангиз, у ўзининг эски бўлинмасининг ярмини эргаштириб келиши мумкин, чунки улар биродарлардир ва тез орада сизда бутун бир взвод йиғилади», деб ҳисоблайди шахси сир қолишини сўраган ҳарбий таҳлилчи.

Foreign Policy ихтиёрига келиб тушган ёллаш бўйича таклифда ҳам шундай формулировкадан фойдаланилади ва бу марказлаштирилган амалиёт тўғрисидаги тасаввурни тасдиқлайди.

«Кимки Россияга кетишни истаса, у ерда яхши муносабат ва яхши ресурслар бор: марҳамат, менга исмингиз, отангизнинг исми ва ҳарбий унвонингизни ёзиб юборинг», дейилган унда.

Таклифни қабул қилганлардан бўлинмасининг бошқа аъзоларини ҳам ёллашда ёрдам кўрсатиш сўралади. Афғон телевидениеси хабарига кўра, ёллаш тўғрисидаги таклиф Россия фуқаролигини беришни ҳам ўз ичига олади.

Айрим истеъфодаги афғон генераллари ҳам АР агентлигига Россия «хорижий легиони»га ёллаш ишлари ҳақида хабар беришган.

Уларнинг сўзларига кўра, россияликлар собиқ коммандосга ойига 1500 доллар миқдоридаги барқарор ойлик ҳамда ўзи ва оиласи учун хавфсиз бошпана ваъда қилишади.

Генерал Абдул Раоф Аргандивал ҳам ёллаш ишлари билан «Вагнер» ходимлари шуғулланаётганини тасдиқлайди.

Бошқа бир генерал, толиблар келишидан олдинги ҳукуматда афғон армиясининг сўнгги қўмондони бўлган Ҳибатулла Ализойнинг айтишича, бу ишда уларга махсус бўлинмаларнинг Россияда яшаган ва рус тилида сўзлаша оладиган собиқ командирлари ҳам ёрдам бермоқда.

«Сиз Россияда икки ой давомида ҳарбий тайёргарликдан ўтасиз, кейин эса фронт чизиғига йўл оласиз», дейилади Эронда бўлиб турган собиқ афғон генералларидан бири томонидан генерал Аргандивалга қайта йўналтирилган хабар матнида.

«Бир қанча одам кетди, аммо улар ўз оилалари ва дўстлари билан алоқани бутунлай йўқотди. Аниқ статистика маълум эмас», деган генерал.

Афғонистонда яшириниб юрган махсус бўлинманинг собиқ 35 ёшли капитани бир неча собиқ ҳамкасбларига Теҳрондаги ёллаш бюроси билан боғланишда ёрдам кўрсатган.

Унинг айтишича, янги ёлланганлар Афғонистондан Эронга олиб ўтилади, кейин эса Россияга жўнатилади. Ундан кейин нима бўлиши номаълум: «Улар Россиянинг таклифини қабул қилганида, телефонлари ўчирилади. Улар жуда махфий ҳаракатланишади», деган у.

Эронга қочиб ўтган афғон махсус кучларининг қанча аъзоси якунда Россияга кетгани маълум эмас, аммо улардан бири Associated Press агентлиги учун берган маълумотида шундай таклифларни кўриб чиқаётган тахминан 400 га яқин жангчилар билан WhatsApp орқали мулоқот қилаётганини билдирган.

Унинг айтишича, нафақат унинг ўзига, балки айни вақтда Афғонистонда қолаётган рафиқаси ва уч нафар фарзандига ҳам Россия визасини ваъда қилишган. Бошқаларга эса Эрон визаларини узайтириб бериш ваъда қилинган. У WhatsApp гуруҳидаги бошқаларнинг қарор қабул қилишини кутаётгани, аммо кўпчилик келишувга рози бўлишини тахмин қилаётганини айтган.

Ўз навбатида Марказий разведка бошқармасининг захирадаги зобити, Афғонистонда хизмат қилган Майкл Малрой россияликлар кўп миқдорда афғон жангчиларини ёллай олишига шубҳа билан қараган, чунки унинг фикрича, у танийдиган афғон ҳарбийларининг кўпчилиги ёлланма қотил бўлиш учун эмас, ўз мамлакатида демократияга эришилиши учун шу соҳани танлаган.

Аммо собиқ коммандослар орасида бошқача кайфиятдагилар ҳам бор.

Фото: Getty Images
«Биз жуда ранжидик. 18 йил мобайнида биз америкалик, британиялик ва норвегиялик инструкторлар билан елкама-елка туриб хавфли миссияларни бажариб келдик. Энди эса яширинишимга тўғри келмоқда», деган юқорида тилга олинган собиқ капитан.

У Россияни Афғонистоннинг душмани сифатида билгани учун таклифни қабул қилмаган.

«Улар биз учун махсус дастур ишлаб чиқади деб ўйлагандик, аммо биз ҳақимизда ҳеч ким ўйламади. Улар бизнинг барчамизни шунчаки толиблар қўлига ташлаб кетишди», дейди шахси сир қолишини сўраган яна бир собиқ коммандос америкаликлар ва уларнинг иттифоқчилари ҳақида гапирар экан.

Афғонистон махсус топшириқли бўлинмалари жангчиларининг аксари тўғридан тўғри Америка қуролли кучларида ишламагани туфайли улар махсус виза олиш ҳуқуқига эга бўлмаган ва толиблар ҳокимиятни эгаллаганида мамлакатни тарк этиш ҳуқуқига эга бўлмаган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.