20 йиллик урушдан кейин АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тарк этмоқда. Президент Жо Байден қўшин 1 майдан олиб чиқила бошлаши, жараён 11 сентябрга қадар тўлиқ якунланишини маълум қилган.
2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан сўнг Қўшма Штатлар Афғонистондан паноҳ топгани айтилган террорчиларга бомба ёғдиришга киришди. Кўп ўтмай афғон заминига қўшин киритилди. Ўтган йиллар давомида Америка аскарлари сони 100 мингдан ошиб кетди. 2014 йилда АҚШ раҳбарияти Афғонистондаги ҳарбий операцияларни якунлаш ҳақида баёнот берди. Аммо вазият қалтислиги, Толибон ҳаракати амалдаги ҳукуматни сиқиб чиқараётгани важидан қўшинни олиб чиқиш режаси ортга сурилди. Ниҳоят, Толибон ҳаракати билан бир неча ойга чўзилган музокаралардан кейин президент Дональд Трамп маъмурияти 2020 йил февраль ойида қўшинни олиб чиқиш ҳақидаги битимни имзолади.
Ушбу ҳужжатга кўра, АҚШ ҳамда НАТО мамлакатлари 14 ой давомида ҳарбийларини олиб чиқиб кетади. Толибон ҳаракати эса бунинг эвазига тинч музокараларга рози бўлиши ҳамда ўз назоратидаги ҳудудларда «Ал-Қоида» террорчи ташкилотчи фаолиятига чек қўймоғи лозим. Толибон ҳаракати Афғонистон қамоқхоналаридаги минглаб тарафдорларини озод қилиш талабини ҳам қўйган.
Айни пайда афғон заминида 2,5 мингга яқин америкалик аскар хизмат ўтамоқда. НАТО ҳарбий контингенти эса 9,6 минг кишини ташкил этади. 20 йиллик урушдан кейин ҳам Толибон ҳаракати мамлакатда ҳамон катта куч ва таъсирга эга бўлиб қолмоқда. Шу боис айрим таҳлилчилар иттифоқчилар чиқиб кетиши ортидан Афғонистонда фуқаролар уруши авж олиши мумкинлигини ҳам истисно этмаётир. Хусусан, Уруш ва тинчлик масалаларини ёритиш институтининг Кобулдаги ижрочи директори Тамим Асей сиёсий келишувга эришилмаса, Афғонистонда Суриядаги каби фуқаролар уруши авж олишидан хавотир билдиради.
Февраль битимига мувофиқ, ажнабийлар қўшини чиқиб кетгач, Толибон ҳаракати Афғонистон ҳукумати билан музокаралар олиб бориши ва пировардида умуммиллий сулҳ эълон қилиниши керак.
Ўзаро битимга кўра, АҚШ маъмурияти қўшинни олиб чиқиб кетиш, Толибон эса террорчилик ҳаракатларига чек қўйиш мажбуриятини олган. Фото: AFP
Таҳлилчиларга кўра, АҚШ аскарлари 2019 йилга қадар Толибон жангариларининг ҳарбий юришларига тўсқинлик қилиб келган. 2020 йилга келиб вазият ўзгарди. Толибон билан келишув доирасида Қўшма Штатлар аскарлари сони қисқартирила бошлади. Бунинг ортидан Толибон жангарилари сўнгги олти ой ичида бир қатор ҳарбий ютуқларга эришди ва каттагина ҳудудни қайтариб олди. «Foreign Affairs» нашрига кўра, қўли баланд келиб турган бир пайтда Толибон ҳаракати музокарага бормаслиги ва оғзидаги ошини бермаслиги тайин.
«Жанг майдонларидаги ғалабалардан руҳланган Толибон қўмондонлари ҳарбий юришларни давом эттирмоқчи. Уларнинг айримлари асосий мақсад тўлақонли ғалаба эканини баралла айтмоқда. Байден маъмурияти сентябрга қадар қўшинни тўлиқ олиб чиқиб кетса, толиблар бир неча ой ичида мамлакат жануби ва шарқини эгаллаши ҳеч гап эмас. Бу эса амалдаги ҳукуматнинг куни битганини англатади», – деб ёзади «Foreign Affairs» нашри.
Трамп маъмуриятида Афғонистон бўйича сиёсатга масъул бўлган Лиза Кертисга кўра, президент Ашраф Ғани 5000 га яқин толибларни қамоқдан озод қилди, аммо Толибон ҳаракати cаломга яраша алик олмади. Аксинча, зўравонликни кучайтириб, кўпроқ тарафдорларини озод этишни талаб қилмоқда.
«The Economist» нашрининг ёзишича, Афғонистон қуролли кучлари Толибон жангариларига қаршилик кўрсата оладиган салоҳиятга эга эмас. АҚШнинг Афғонистонни тиклаш бўйича махсус нозири Жон Сопко ҳам Конгрессга берган ҳисоботида афғон қуролли кучлари ҳалокатли даражада оғир ҳолатда эканини қайд этган.
АҚШ маъмурияти келгусида ҳам Афғонистонга иқтисодий-гуманитар кўмакни давом эттиришини маълум қилган. Аммо бу борада аниқ механизм ҳали эълон қилинганича йўқ.
Эндиликда Афғонистон қуролли кучлари Толибон жангариларига қарши ёлғиз курашишига тўғри келади. Фото: «Getty Images»
Ғарб ҳарбийларининг тарк этиши ортидан Афғонистонда Россия, Ҳиндистон, Эрон каби давлатларнинг таъсири ошиши кутилмоқда. Стэнфорд университети халқаро тадқиқотлар институти раҳбари ўринбосари Кэтрин Стоунернинг таъкидлашича, Россия Афғонистонда барқарорликни сақлаш учун фаоллик кўрсатиши мумкин. Сиёсатшуносга кўра, Афғонистондаги бошқарув шакли Москва учун у қадар муҳим аҳамият касб этмайди.
1989 йили Афғонистондан совет қўшини олиб чиқилишидан кўп ўтмай СССР қўлига қараб қолган ҳукумат қулаган эди. Таҳлилчилар айни ҳолат яна такрорланишидан хавотирда.