АҚШ разведкаси: Афғонистондан ташқарида ҳаракатланиш учун “Ислом давлати”га бир йилдан кўпроқ вақт керак бўлади

Улашиш:

Афғонистондан ташқарида ҳаракатланиш учун “Ислом давлати”га бир йилдан кўпроқ вақт керак бўлади. Ушбу баёнот билан сешанба куни Америка Қўшма Штатлари Мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси директори (МВРБ), қуруқликдаги қўшинлар генерал-лейтенанти Скотт Берриер чиқиш қилган. 

“"Ал-Қоида” раҳбариятни тиклашда муаммоларга дуч келди. “Толибон” маълум даражада “Ал-Қоида”нинг тикланишига йўл қўймаслик ҳақидаги сўзининг устидан чиқди”, - деди АҚШ Конгресси Сенатининг Қуролли кучлар ишлари қўмитасидаги тингловда нутқ сўзлаган АҚШ ҳарбий разведкаси бошлиғи.

Шу билан бирга, Берриер кўпроқ Афғонистондаги “Ислом давлати” террористик гуруҳининг маҳаллий бўғинидан хавотирда эканлигини таъкидлаган.

"Мен кўпроқ Афғонистондаги “Хуросон ислом давлати” бир қатор ҳалокатли ҳужумлар қилишга муваффақ бўлганидан хавотирдаман. Бу келажак учун ёмон аломат", - дея таъкидлади МВРБ раҳбари.

Ундан “Ислом давлати” ва “Ал-Қоида” Афғонистондан ташқарида қўпорувчилик қилиши учун қанча вақт керак бўлиши ҳақида   башорат бериш сўралган.

“Бизнинг тахминларга кўра, бу учун “Илом давлати”га бир йил, “Аль-Қоида”га эса кўпроқ ҳам вақт керак бўлади”, - деди Берриер.

АҚШ Президенти Джо Байден 2021 йил 14 апрель куни Америка тарихидаги энг узоқ хорижий ҳарбий кампанияга айланган Афғонистондаги операцияни тугатишга қарор қилганини эълон қилди. Қўшма Штатлар ушбу урушни 2001 йил октябрь ойида бошлаган. Америка қўшинларини олиб чиқиш 2021 йил май ойида бошланган ва сентябрь ойининг бошларида якунланган. 2010-2013 йилларда Афғонистондаги Ғарб кучлари сони 150 минг кишидан ошган. АҚШ ва Натонинг асосий жанговар бўлинмалари 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилган.

Қўшма Штатлар ўз кучларини олиб чиқишни эълон қилганидан кейин “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни бошлади. Ўтган йилнинг 15 августида Афғонистон Президенти Ашраф Ғани хорижга қочиб кетган ва “Толибон” Кобулни жангсиз эгаллаб олган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.