Электрон сигареталар тақиқланди: Ўзбекистонда сотганлар 12 йилгача қамалиши мумкин

Улашиш:

Ўзбекистон Сенати электрон сигареталар ва уларга оид маҳсулотларнинг муомаласини қатъий тақиқловчи қонунни маъқуллади. Янги тартибга кўра, бундай маҳсулотларни импорт қилиш, тарқатиш ёки сотиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Айрим ҳолларда айбдор шахс 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Қонун “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги ҳужжатга ва жиноят ҳамда маъмурий жавобгарлик кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутади.

Янги тартиблар нимага асосланган?

Сўнгги тўрт йил ичида Ўзбекистонга 28,5 млн долларлик, яъни 5,4 миллион дона электрон сигарета олиб кирилган. Бу эса аввалги йилларга нисбатан 80 баравар кўп. Шу билан бирга, 18−29 ёшли фойдаланувчилар сони катта ёшдагиларга нисбатан беш баравар кўплиги қайд этилган.

Тадқиқотлар электрон сигареталарнинг инсон соғлиғига ва атроф-муҳитга жиддий хавф туғдираётганини кўрсатмоқда. Улар таркибида 80 дан ортиқ канцероген ва заҳарли кимёвий моддалар мавжуд. Бу моддалар болалар ва ўсмирларда мия фаолиятига, интеллектуал ривожланишга ва руҳий ҳолатга салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, ўпка, юрак, буйрак, жигар ва ДНКга ҳам зарар етказиши мумкин.

Жавобгарлик турлари:

  • Маъмурий жавобгарлик: 37,5 млн сўмдан 75 млн сўмгача жарима, маҳсулотларни мусодара қилиш.

  • Жиноий жавобгарлик: 150 млн сўмдан 225 млн сўмгача жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилгача қамоқ жазоси.

  • Оғир ҳолатлар: (масалан, гуруҳ бўлиб, такроран ёки мансаб ваколатларидан фойдаланиб амалга оширилса) — 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш мумкин.

Агар шахс ўз ихтиёри билан айбини тан олиб, тақиқланган маҳсулотларни топширса — жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Қонун президент имзосидан сўнг кучга киради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.