Ўзбекистонда самолётлар ишлаб чиқариш қайта бошланади. Бу ҳақда “Навоий” эркин иқтисодий зонаси директори Хабиб Абдуллаев маълум қилди.
Тошкентдаги ИННОПРОМ кўргазмаси доирасида “Навоий” ЭИЗ дирекцияси ҳамда Россиянинг “Первое” тажриба-конструкторлик бюроси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжатга кўра, СП-30 лойиҳаси асосида фуқаролик ва учувчисиз енгил самолётлар ишлаб чиқарилади.
Лойиҳа ҳақида асосий маълумотлар:
Ишлаб чиқариш 2025 йил октябрда бошланади;
Илк босқичда йилига 100 та самолёт чиқариш режалаштирилган;
Лойиҳанинг умумий қиймати — 30 миллион доллар, 3 йил ичида амалга оширилади;
Самолётлар нафақат Ўзбекистон ички эҳтиёжларига, балки Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё бозорларига экспорт қилинади.
СП-30 — бутунлай металлдан ясалган, икки ўриндиқли енгил самолёт бўлиб, Россияда ўз синовини ўтаб, оммалашган модел сифатида тан олинган.
Нима учун бу муҳим?
Бу лойиҳа Ўзбекистоннинг ўз авиация саноатига эга давлатлар қаторига қайта қўшилишига замин яратади. Шунингдек, янги иш ўринлари, экспорт салоҳияти ва технологик ривожланиш учун янги босқични бошлайди.